Раббимов Конституцияга киритилаётган ўзгартишлар бўйича қорақалпоқ халқига мурожаат қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70 – 75 моддаларига таклиф қилинаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ўзбек ва қорақалпоқ халқларини, қардошликни, жондошликни орасига раҳна солиши мумкин бўлган ташқи кучларга фитналар учун имкон бермаслик ниятида бўлаяпти. Бу ҳақда сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди. 

Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, 70 ва 71-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилади: 

70-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳамда қонунчилигида назарда тутилган барча ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатланади.

71-модда. Қорақалпоғистон Республикаси ўз Конституциясига эга. Қорақалпоғистон Республикасининг Конституцияси ҳамда қонунлари Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига зид бўлиши мумкин эмас.

72-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилмоқда:

Қорақалпоғистон Республикасининг қонунчилиги Ўзбекистон Республикасининг ягона ҳуқуқий тизимига киради ва у Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг таркибий қисмидир.

74 ва 75-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилмоқда:

74-модда. Қорақалпоғистон Республикаси ўз ҳудудида қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ҳамда қонунларига, Қорақалпоғистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига мувофиқ амалга оширади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Қорақалпоғистон Республикасининг олий мансабдор шахсидир.

75-модда. Ўзбекистон Республикаси Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий, иқтисодий, маданий, инновацион жиҳатдан ҳар томонлама ривожланиши учун зарур молиявий, моддий, ташкилий-техник ва бошқа шарт-шароитларни яратади.

Айни вақтда қорақапоғистонликлар ичида кўплаб баҳс-мунозараларни келтириб чиқараётган ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар юзасидан Камолиддин Раббимов шундай дейди: 

“Конституциямизнинг 70-75 моддаларини ўзгартириш таклифи, баъзи қорақалпоқ дўстларимизда – қардошларимизда маълум хавотирларга сабаб бўлибди. Мен ҳар доим минтақада интеграция, бирлашув тарафдори бўлганман. Ўзбекистонни Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон билан, қолаверса, Озарбайжон ва Туркия билан стратегик яқинлашуи, иттифоқчилиги, бирлиги тарафдори бўлганман! 

Ўзбекистонни давлат тузулмаси, собиқ СССР даврида, онгли равишда зиддиятлар билан расмийлаштирилган эди. Ўзбекистон, ўзбеклар тарихда ҳеч қачон қорақалпоқ жигарларимизга жабр-зулм қилмаган. Аксинча, тарихда қорақалпоқ жигарларимизнинг аждодларига жабр-зулм бўлганда, хоразм хонлари бу жигарларимизни асраб қолишган эди. 

Бугун ҳам Ўзбекистон қорақалпоқ жигарларимиз ўзлигини сақлаб, ривожлантириш йўлидан кетаяпти. Биз, бир бир миллат, бир давлатмиз! Таклиф қилинаётган ўзгариш – ушбу бир халқни, қардошликни, жондошликни орасига раҳна солиши мумкин бўлган ташқи кучларга фитналар учун имкон бермаслик ниятида бўлаяпти. Ўзбекистон қорақалпоқ ўзлигига, тилига ва маданиятига босим қилмаган ва қилиш нияти ҳам йўқ! 

Пост-совет ҳудудида бўлаётган провокацияларни кўриб туриб, бу масалада бирлигимизга қарши бўлган ташқи кучларга имкон бермаслик керак. Асоссиз хавотир олаётган қардошларимизга мурожаатим шуки, глобаллашган дунёда, Ўзбекистон қорақалпоқ ўзлигига, тили ва маданиятига бўлган ҳурмат-эҳтиром, бўлган ва ошиб боради”.


Мақола муаллифи

Теглар

Камолиддин Раббимов

Баҳолаганлар

952

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг