QALAMPIR.UZ журналистига прокуратура ва ички ишлар ходимлари томонидан таҳдид қилинди
Жамият
−
07 Сентябрь 2021
16074QALAMPIR.UZ’га Юнусобод тумани 2-мавзеда фаолият олиб бораётган бир гуруҳ тадбиркорлардан мурожаат келиб тушди. Унда уларга тегишли дўконлар ва хизмат кўрсатиш объектлари ноқонуний қурилма сифатида бузиб ташланаётгани, бироқ ноқонуний қурилма экани ҳақида ҳеч қандай ҳужжат, суд қарори йўқлиги хусусида сўз борган.
Мурожаат келиб тушган илк соатлардаёқ QALAMPIR.UZ жамоаси – журналист Феруза Нажмиддинова ва юрист-консультант Шоҳруҳ Олимжонов, оператор Хўжамиёр Холматов воқеа жойига етиб борди.
QALAMPIR.UZ ижодий жамоаси ҳудудда ҳақиқатан ҳам тадбиркорлар томонидан қурилаётган 14 та дўкон суд қарорисиз бузилаётганига гувоҳ бўлган.
“Дўконлар бузилишида бош-қош бўлган Юнусобод тумани 2-сектор котиби Умид исмли шахс QALAMPIR.UZ воқеа юзасидан изоҳ беришни истамади”, дейди QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова
Прокуратура ходими видеоларни ўчириш, акс ҳолда журналистни ва унга ҳамроҳлик қилаётган QALAMPIR.UZ ходимларини Ички ишлар бўлимига олиб бориш ва керакли жойда гаплашиш билан таҳдид қилган.
Айни вақтда мазкур ҳолат акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда. Бироздан сўнг QALAMPIR.UZ гувоҳ бўлган ҳолат бўйича тўлиқ лавҳа эълон қилинади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 5-моддасида Журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида:
• ахборотни тўплаш, таҳлил этиш, таҳрир қилиш, тайёрлаш ва тарқатиш;
• ахборот олиш учун давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга мурожаат этиш;
• давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни истисно этган ҳолда ҳужжатлар, материаллар ва ахборотдан фойдалана олиш;
• журналист текшируви ўтказиш;
• ўзи тайёрлаган хабарлар ва материалларни оммавий ахборот воситалари орқали имзосини ёки тахаллусини қўйиб тарқатиш, уларда ўз фикр-мулоҳазасини ифодалаш;
• давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ва оммавий тадбирларида ҳозир бўлиш;
• журналистлик фаолиятини амалга ошириш юзасидан мансабдор шахс қабулида бўлиш;
• маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш;
• судларнинг очиқ мажлисларида, ҳарбий ҳаракатлар майдонларида, табиий офат юз берган ҳудудларда, оммавий тадбирларда ҳозир бўлиш;
• эълон қилишга тайёрланган маълумотларни текшириш учун мутахассисларга мурожаат қилиш;
• башарти қонунни бузишга олиб келадиган бўлса, оммавий ахборот воситаси томонидан берилган топшириқни бажаришни рад этиш;
• ўзи тайёрлаган хабар ёки материалнинг мазмуни таҳрир жараёнида бузилган деган фикрга келса, унга имзо қўймаслик ёхуд уни нашрдан олиб қолишни (эфирга бермасликни) талаб этиш;
• ахборот манбаи ёки муаллифнинг номи сир сақланишини талаб қилиш;
• тақдим этган хабарининг мазмунини оммавий ахборот воситаси бузиб эълон қилиши оқибатида ўзига етказилган маънавий зарар ва моддий зиён қопланишини суд орқали талаб қилиш;
• жамоат бирлашмаларига, шу жумладан журналистларнинг халқаро ташкилотларига кириш ҳуқуқларига эга деб ёзилган.
Шунингдек, журналист ўзига қонун ҳужжатлари билан берилган бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланади.
Қолаверса, ушбу қонуннинг 8-моддаси билан журналистнинг дахлсизлиги ҳам белгиланган. Унга кўра, журналист журналистлик фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади.
Танқидий материаллар эълон қилганлиги учун журналистни таъқиб қилишга йўл қўйилмайди.
LiveБарчаси