Путиннинг яна бир танқидчиси қамоқхонадан ғойиб бўлди
Олам
−
29 Январь
11509Россиялик мухолифатчи сиёсатчи Владимир Кара-Мурза ҳозирда давлатга хиёнатда айбланиб, 25 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Омскдаги қаттиқ тартибли колонияда эмас. Бу ҳақда бугун, 29 январь куни адвокат Вадим Прохоров “Агентства” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Кара-Мурзанинг ҳимоячиларидан бири 29 январь куни Омскдаги 6-колонияда мухолифатчини кўришга уринган, бироқ унга сиёсатчи колонияда йўқлиги айтилган.
Ҳимоячиларда Владимир Кара-Мурзанинг Омскдаги колониядан кўчирилганини расмий тасдиқловчи бирор ҳужжат йўқ.
"Буни қамоқхона ходими адвокат ўз мижози билан учрашиши керак бўлган пайтда айтди", деб тушунтирди Прохоров.
Унинг тушунтиришича, Кара-Мурзани кўришга мунтазам равишда бориб турадиган адвокат охирги марта у билан ўтган ҳафтада учрашган.
Вадим Прохоров содир бўлаётган воқеаларни, халқаро меъёрларни бузиш деб атади. Унинг сўзларига кўра, ҳар қандай маҳбусни, айниқса, сиёсий маҳбусни – қариндошлари ва адвокатлари у билан алоқада бўлмаган ҳолатда сақлаш тақиқланади.
Прохоров Кара-Мурза нима учун олиб кетилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишини қўшимча қилди, аммо у "ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қўшимча сабаблар келтирмасликлари учун" уларни айтмайди.
Қайд этилишича, Москванинг Замоскворецкий туман судида Владимир Кара-Мурза иши бўйича суд мажлиси 6 февралга белгиланган. Москва шаҳар суди веб-сайтида айтилишича, иш "жиноят ишини юритувчи мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)га тегишли.
Аввалроқ унинг дўсти, ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Александр Подрабинек ўзининг Facebook'даги саҳифасида Кара-Мурзанинг Омск колониясидан кўчирилгани ҳақида хабар берган. Подрабинекнинг сўзларига кўра, уч кун олдин у Кара-Мурза сақланаётган Омскдаги 6-колонияга мактуб йўллаган, аммо 29 январь куни эрталаб у “адресат бошқа муассасага кетган” деган жавоб олган.
Маълумот учун, Владимир Кара-Мурза “сиёсий нафратга асосланган Россия армияси ҳақидаги сохта маълумотларни оммавий равишда тарқатган”ликда айбланган. Айбловга сиёсатчининг АҚШнинг Аризона штати Вакиллар палатаси аъзолари олдидаги нутқи сабаб бўлди. Тергов маълумотларига кўра, Кара-Мурза Россия ҳарбийлари Украинадаги тураржойлар, туғуруқхоналар, шифохоналар ва мактабларни бомбардимон қилаётгани ҳақида “атайлаб ёлғон маълумот тарқатган”.
Кейинчалик Кара-Мурзага нисбатан давлатга хиёнат ва Россияда номақбул деб тан олинган ташкилот фаолиятини амалга оширганлик учун иш очилди. 2023 йилнинг 17 апрель куни сиёсатчи 25 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилинди. Кара-Мурза айбини тан олмади. Октябрь ойида у Омскдаги 6-колонияга ўтказилди. Бу вақт ичида у бир неча бор жазо камерасига юборилган. Унга 14 та режимни бузганликда айблов қўйилган, натижада у доимий равишда қоидабузар деб топилиб, жазони ўташнинг қаттиқ шартларига ўтказилган.
"Улар бу жазо камераларини қийноқ усули сифатида ишлатади", дейди мухолифатчининг рафиқаси Евгения Кара-Мурза.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида Россиядаги яна бир қамалган мухолифатчи Алексей Навальний Владимир вилоятининг Мелехово қишлоғидаги 6-сонли ахлоқ тузатиш колониясидан йўқолиб қолган, унинг яқинлари ва адвокатлари деярли уч ҳафта давомида сиёсатчи билан боғлана олмаган эди. Кейинчалик у Ямало-Ненец автоном округидаги Харп қишлоғида жойлашган 3-сонли “Қутб бўриси” ахлоқ тузатиш колониясига кўчирилгани маълум бўлди.
LiveБарчаси