Путиннинг ҳузурига келган Пашинян Озарбайжон билан чегарадаги вазиятдан шикоят қилди
Олам
−
08 Июль 2021
6221Аввалроқ Арманистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян Москвада Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиши ҳақида хабар бергандик. Қайд этиш керакки, Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков икки давлат раҳбарининг учрашуви олдидан музокаралар марказида Тоғли Қорабоғ мавзуси бўлишини маълум қилганди.
Кремлда ўтган учрашувда Арманистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян Тоғли Қорабоғ масаласи бўйича Россиянинг кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирган, бироқ шу билан бирга Арманистон ва Озарбайжон чегарасидаги вазият кескинлигича қолаётганини маълум қилган.
“Айтишим керакки, Россия тинчликпарвар кучлари Тоғли Қорабоғга жойлаштирилганидан сўнг, минтақадаги вазият барқарор, аммо вақти-вақти билан баъзи беқарорлик ўчоқлари пайдо бўлмоқда. Бугун сиз билан бу нима учун ва қандай қилиб содир бўлаётгани ҳақидаги баҳо ва фикрларим билан бўлишмоқчиман. Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги чегарада вазият ҳали ҳам барқарор эмас ва биз бу ҳақда бир неча бор гаплашган эдик. Айтмоқчиманки, сўнгги икки ойдан бери доимий ташвишдамиз. Умид қиламанки, биз бугун ушбу масалага соатларни бағишлай оламиз”, дейди Арманистон етакчиси.
Қайд этиш керакки, жорий йилнинг 6 июль куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Aрманистон қуролли отрядлари Озарбайжон армиясининг Aғдам вилояти Aлиагали қишлоғи йўналишида жойлашган ҳарбий қисмларига қарата ўқ узгани ҳамда бир ҳарбий хизматчи яраланганини маълум қилганди.
Икки давлат раҳбарлари учрашув давомида Тоғли Қорабоғдан ташқари Арманистонда бўлиб ўтган парламент сайловлари ҳақида ҳам гаплашган. Суҳбат чоғида Владимир Путин Никол Пашинянни Арманистон парламенти сайловларидаги ғалабаси билан табриклаган.
“Бундай мураккаб, ўта кескин ва нозик масалаларни самарали ишлаш учун имконият борлигидагина ҳал қилиш мумкин. Бунинг учун энг муҳими халқ ишончига эга бўлишдир. Бу эса сизда бор, сайлов натижалари шуни кўрсатмоқда”, дейди Россия раҳбари.
Шу билан бирга, Пашинян Арманистонга етказдириб берилган “Спутник V” антиковид вакцинасини учун Владимир Путинга миннатдорлик билдирган. Пашиняннинг сўзларига кўра, шу кунгача республикага юз мингдан ортиқ дозадаги вакцина юборилган.
Эслатиб ўтамиз, Арманистонда ўтказилган парламент сайлов натижаларига кўра, Никол Пашиняннинг Менинг қадамим партияси ҳукуматни мустақил равишда шакллантириш учун етарли миқдордаги овоз тўплаган. У 53,91 фоиз овозга эга. Республиканинг собиқ Президенти Роберт Кочаряннинг “Арманистон” блоки 21,9 фоизга эга бўлди. Учинчи ўринни эса 5,22 фоиз билан Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Артур Ванецян ва Арманистоннинг учинчи Президент Серж Саргасяннинг “Менда шараф бор” блоки эгаллади.
Маълумот ўрнида, Тоғли Қорабоғдаги можаро 2020 йил сентябрь ойи охирида авж олди ва минтақада фаол жанглар бошланди. Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян 2020 йилнинг 9 ноябрь куни Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларнинг тўлиқ тўхтатилиши тўғрисида қўшма баёнот имзолади. Ҳужжатга кўра, Озарбайжон ва Арманистон томонлари эгаллаб олган позицияларида тўхтади, бир қатор минтақалар Баку назорати остига ўтди. Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди.