Кун тартибида: Тоғли Қорабоғ. Пашинян Москвага ошиқмоқда
Олам
−
06 Июль 2021
5340Россия Президенти Владимир Путин эртага, 7 июль куни Москвада Арманистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян билан учрашади. Бу ҳақда Кремль Матбуот хизмати хабар берди.
“Россия, Арманистон ва Озарбайжон раҳбарларининг 2020 йил 9 ноябрь ҳамда 2021 йил 11 январдаги Тоғли Қорабоғ тўғрисидаги баёнотлари ижросини кўриб чиқиш режалаштирилган. Айниқса, ҳарбий ҳаракатлардан зарар кўрган ҳудудлар аҳолисига ёрдам бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, минтақадаги иқтисодий ва транспорт алоқаларини тиклаш ҳам муҳокама қилинади”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Россия-Арманистон стратегик шериклиги ва иттифоқини ривожлантиришнинг долзарб жиҳатлари, Евроосиё маконидаги интеграцион бирлашмалар доирасида ўзаро алоқаларни кучайтириш истиқболларини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 июнь куни Путин ва Пашинян телефон орқали гаплашганди. Ўшанда улар Тоғли Қорабоғ ҳамда бундан кейинги шахсий алоқалар тўғрисида келишиб олганди.
Маълумот ўрнида, Тоғли Қорабоғдаги можаро 2020 йил сентябрь ойи охирида авж олди ва минтақада фаол жанглар бошланди. Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян 2020 йилнинг 9 ноябрь куни Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларнинг тўлиқ тўхтатилиши тўғрисида қўшма баёнот имзолади. Ҳужжатга кўра, Озарбайжон ва Арманистон томонлари эгаллаб олган позицияларида тўхтади, бир қатор минтақалар Баку назорати остига ўтди. Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди.