Путин Зеленский билан учрашишга журъат эта олмайди – Каллас

Олам

image

Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Россия Туркияда Украина билан тинчлик музокараларидан манфаатдор эканига ишонмаяпти. Бу ҳақда Каллас бугун, 13 май куни Дания пойтахтида бўлиб ўтган Копенгаген Демократия саммити чоғида маълум қилди.

“Улар Украинани бомбардимон қилишда давом этмоқда. Агар улар тинчликдан манфаатдор бўлса, буни дарҳол тўхтатиши мумкин эди”, деди Каллас.

У Украина “шартсиз ўт очишни тўхтатиш”га рози бўлганига икки ойдан кўпроқ вақт ўтганини эслади.

“Россия яққол ўйин ўйнамоқда, вақт ўз томонида бўлишига умид қилиб, вақтдан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Улардан ҳеч қандай ижобий ҳаракатлар ёки яхши белгиларни кўрмаяпмиз”, деди Европа дипломатияси раҳбари.

Украина ва Россия Президентлари Владимир Зеленский ва Владимир Путиннинг эҳтимолий учрашуви ҳақида гапирар экан, Каллас, агар улар ҳақиқатда музокара столига ўтиришса, бу “яхши қадам” бўлишини таъкидлади.

“Лекин менимча, у, Путин, журъат эта олмайди”, дея қўшимча қилди Каллас.

Истанбулда Россия ва Украина музокаралари

Путиннинг ўзи 15 май куни Украина томонидан Европа Иттифоқи ва АҚШ кўмагида таклиф қилинган 30 кунлик сулҳга муқобил равишда Истанбулда тўғридан тўғри музокараларни қайта бошлаш ғояси билан чиқди. Бунга жавобан Зеленский Туркияга келишини, фақат Россия раҳбари билан шахсан учрашишини айтди.

Кремль ҳозирча музокараларда Россиядан ким вакиллик қилишини ва Путин иштирок этиши мумкинлигини эълон қилгани йўқ.

Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, Россия Украина билан музокараларга тайёргарлик кўришда давом этмоқда.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Европа Иттифоқи Владимир Зеленский Кая Каллас Истанбул саммити

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг