Путин сайловдан олдин Туркияга, кейин эса Шимолий Кореяга боришни режалаштирмоқда – Песков
Олам
−
23 Январь
5240Россия Президенти Владимир Путиннинг Туркияга ташрифи яқин ойларда амалга ошиши мумкин, Шимолий Кореяга ташриф эса кейинроқ бўлади. Бу ҳақда бугун, 23 январь куни Кремль воизи Дмитрий Песков маълум қилди.
Ундан Путиннинг Туркияга сафари президентлик сайловлари олдидан амалга ошиши эҳтимоли ҳақида сўралганда, Песков: “Ҳа, биз бу ташриф сайлов олдидан амалга ошиши эҳтимолидан келиб чиқиб тайёрланамиз”, деб жавоб берган.
Президент матбуот котибига кўра, Шимолий Корея сафари сайловдан кейинга қолиши мумкин.
“Шимолий Кореягами? Йўқ, бу истиқболли режа, биз тақвим бўйича келишиб, Президентга тақдим этамиз”, дейди Кремль вакили журналистнинг саволига жавоб берар экан.
Маълумот учун, Россияда президентлик сайловлари 2024 йил 15-17 март кунлари бўлиб ўтади. Унда амалдаги Президент Владимир Путин "ўзини-ўзи кўрсатган" номзод сифатида қатнашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Владимир Путин ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг охирги учрашуви 2023 йил 4 сентябрь куни Сочида бўлиб ўтган.
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ва Путиннинг охирги учрашуви эса 13 сентябрь куни “Восточный” космодромида бўлиб ўтган.
LiveБарчаси