Эрдўған таслим бўлди. Сочида дон келишуви нега тикланмади?
Таҳлил
−
07 Сентябрь 2023
9822Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Россия етакчиси Владимир Путин ўртасидаги узоқ вақтдан бери кутилаётган учрашув ниҳоят 4 сентябрь куни Сочида бўлиб ўтди. Бу учрашувни нафақат Эрдўған, балки кўплаб дунё етакчилари, сиёсатчилар кўзи тўрт бўлиб кутаётганининг сабаби эса дон келишуви. Июль ойида Россия ғалла келишувидан чиққандан сўнг, фақат Эрдўғангина Путинни дон шартномасини қайта тиклашга кўндира олади, дея умид қилинганди. Аммо кутилмаганда Жаноб Эрдўған ўйин қоидаларини ўзгартирди.
Келинг, мазкур учрашув ҳақида гапиришдан олдин, бунгача бўлган воқеаларни қисқача эслаб олсак.
Бир неча ой олдин Туркияда сайловолди жараёнлари давом этаётган, Анқара шиддатли иқтисодий инқироз билан курашаётган бир пайтда Путин газ тўловларини кечиктиришга рози бўлганди. Шунингдек, Россия ва Туркия раҳбарлари, виртуал маросимда Туркиянинг биринчи атом станциясини очганди, бу ҳам Москва Эрдўғанни қўллаб-қувватлашини англатарди. Эрдўған ҳам Ғарбнинг босимига қарамасдан, Туркияни Россияга санкция киритмаган ягона НАТО давлати сифатида сақлаб қолди. Унинг сайловдаги рақиби Камол Қиличдорўғли эса Ғарб билан жуда дўстона, Россияга нисбатан эса жуда кескин муносабатда эди.
Хуллас, сайловлар ўтди. Эрдўған ютди ва уни қутлаш учун Путин Анқарага Россия Давлат Думаси спикери Вячеслав Володинни юборди. Ўшанда Путиннинг ўзи ҳам тез орада Туркияга келиб, Эрдўғанни шахсан табриклаши айтилганди.
Туркия раҳбари Россия билан дўстона алоқаларни сақлаб қолган ҳолда унинг душмани Украинани ҳам бегона қилмайди. Мана масалан шу йилнинг 7 июль куни Украина Президенти Владимир Зеленский Туркияга келиб, ғолиб Эрдўған билан учрашган. Туркия етакчиси Зеленский билан 2,5 соат тинмай музокара ўтказган. Сўнгра у Украинанинг НАТОга аъзо бўлишга ҳақли эканини иддао қилган ҳам. Бу ҳам етмагандек, Россия ва Украина орасидаги асирларни алмашиш келишуви доирасида Туркияда сақланаётган “Азов” қўмондонларини Зеленскийга қўшиб Украинага қўйиб юборди.
12 июль куни якунланган Вилнюсдаги НАТО саммитида эса Эрдўған Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига йўл очди. Шунингдек, у август ойида Владимир Путин Туркияга келишини айтиб, йиғилганларга Путин билан кўплаб масалаларни гаплашиб олишга ваъда берди.
Эрдўғаннинг бу ҳаракатлари Россияда яхши кутиб олинмаслиги аниқ эди. Ва шундай бўлди ҳам.
Орадан кўп ўтмай, яъни 17 июлда Россия дон келишувидан чиқди. Бунга эса Путин дон келишуви фақат бир томонлама ўйин экани, асосан камбағал мамлакатларга дон етказиб бериши керак бўлган бу йўлак орқали бой мамлакатлар фойда кўраётгани, Россия эса ҳеч қандай манфаат кўрмаётганини сабаб сифатида келтирганди. Шундан сўнг Украина портларига ҳужум қилина бошланди. Тонна-тонна дон нобуд бўлди. Шундан сўнг сиёсий доиралар Эрдўған сиймосида Россияни ғалла келишувига қайтара оладиган ягона шахсни кўра бошлади. Чунки бу битимнинг тузилиши Украина учун ҳам, унинг дони орқали кун кўрадиган Африка мамлакатлари учун ҳам жуда муҳим эди.
Бироқ Эрдўғаннинг умидлари пучга чиқди. Путин ҳа деганда Туркияга келавермагач, августда Эрдўғаннинг ўзи Россияга борадиган бўлди.
Мана ўша тарихий учрашувга ҳам етиб келдик. Аммо Сочидаги "Русь" санаторийсида умумий ҳисобда уч соат давом этган музокаралардан сўнг, дон битими қайта тиклангани йўқ. Шундай бўлсада, уни тиклаш умидини бутунлай сўнди ҳам дея олмаймиз. Чунки Путин музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида:
“Биз дастлаб дон келишувида иштирок этишга рози бўлдик, чунки Туркия Президенти ва БМТ воситачилигида Россия томони манфаатлари йўлида бир қатор мажбуриятлар бажарилишига келишиб олинганди. Шартнома якунланганидан ва Россияга нисбатан ҳеч қандай мажбуриятлар бажарилмаганидан кейин биздан уни узайтиришни сўрашди, яна ҳамма нарсани дарҳол бажаришга ваъда беришди. Биз узайтирдик – яна ҳеч ким ҳеч нарса қилмади. Кейин биздан учинчи марта берилган мажбуриятларни бажаришга ваъда бериб, иштирокимизни узайтиришимизни сўрашди. Ва одатдагидек, бу бизнинг Ғарбдаги шерикларимиз билан тез-тез содир бўлади, улар бизни яна алдади, яна ҳеч нарса қилмади. Ҳозир айтамизки: биз бу келишувга қарши эмасмиз, бизга берилган ваъдалар амалга ошиши билан дарҳол унга қайтишга тайёрмиз. Шу холос. Агар улар ўз ваъдаларини бугун бажарса, яқин бир-неча кун ичида биз дон келишувига тўлиқ қайтамиз, биздан хоҳлашган ҳамма нарсани бажарамиз”, деган Путин.
Шундай қилиб Путин Россия, Қатар ва Туркия ўртасида бошқа, яп-янги битим тузилишини маълум қилди. Бу битим орқали энг қашшоқ мамлакатларга имтиёзли нархда 1 млн тоннагача дон етказиб бериш режалаштирилган. Бироқ Путин мазкур келишув дон шартномасининг ўринбосари бўлмаслигига ишонтирган.
“Биз Туркия ва Қатар билан бир миллион тонна дон етказиб бериш бўйича қўшма ишларимизни “Қора денгиз ғалла битими”нинг муқобили сифатида кўриб чиқмаймиз. Бу ерда ўз манфаатларига эга Украина ҳам бор. Биз буни жуда яхши тушунамиз ва бундан хабардормиз. Бу бизнинг Африка давлатларининг озиқ-овқат муаммоларини ҳал қилишга қўшган улкан ҳиссамиз бўлади”, дейди Путин.
Эрдўған эса Анқара БМТ билан биргаликда дон келишувини қайта тиклаш мақсадида янги ташаббуслар тўпламини тайёрлагани ва унинг ижобий кўриб чиқилишига умид қилаётганини айтган холос. Аммо у Россия ва Қатар билан Украинасиз тузилаётган янги битимга қўшилишга қарши эмас.
Туркия раҳбари Анқарага қайтгач 5 сентябрда ўз ҳукумати билан Сочидаги музокараларни муҳокама қилди. Ҳукумат йиғилишидан сўнг матбуотда чиқиш қилган Эрдўған Путин билан учрашуви самарали ўтганини, Россия раҳбарининг дон йўлаги келишувини янгилаш бўйича иккита аниқ илтимоси борлигини айтди.
“Улардан бири Россия қишлоқ хўжалик банкининг SWIFT тизимига уланиши, иккинчиси эса дон ташишда фойдаланиладиган кемаларнинг суғуртаси”, деди сиёсатчи.
Энг ёмони Эрдўған Путин билан кўришганидан сўнг, бу сафар умидсизликка тушиб қолди. Унинг айтишича, Украинадаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш истиқболлари йўқ.
“Афсуски, 1,5 йилдан бери давом этаётган уруш ҳали ҳам ниҳоясига етгани йўқ. Уфқда тинчликка эришиш истиқболи кўринмаяпти”, дейди у.
Шундай бўлса-да, Эрдўған Туркиянинг Украинадаги можарони ҳал қилиш учун воситачилик хизматларини ўз зиммасига олишга тайёрлигини яна бир бор такрорлади.
“Агар томонлар шундай истак билдирса, биз ўз ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз. Шунингдек, маҳбуслар алмашинуви ва Запорожье атом электр станцияси каби масалаларда воситачилик ролини ўйнашда давом этамиз. Икки қўшнимиз ва минтақамизга зарар келтирувчи бу уруш имкон қадар тезроқ халқаро ҳуқуқ асосида адолатли ва мустаҳкам тинчлик ўрнатилиши билан якунланишига умид қиламиз”, деган Эрдўған.
Дипломатик манбаларга кўра, Туркия БМТга ҳам Сочидаги музокаралар натижаси бўйича ахборот беради. Бундан ташқари, айримлар БМТ Бош Ассамблеясининг юқори даражадаги ҳафталигидан сўнг, Эрдўған яна Путин билан кўришиб музокараларни давом эттиришини айтмоқда.
Аниқки, Туркия раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси тадбирлари давомида бошқа давлатлар етакчилари билан ҳам учрашади. Хусусан Украина томони аллақачон Президент Зеленский Бош Ассамблея сессиясида қатнашишини билдирган. Балки Эрдўған шу орқали Россия ва Украина орасидаги воситачиликни давом эттиради.
Хулоса қилиб айтганда, Владимир Путин Сочида Ғарб етакчилари унга муносиб ҳурмат билан муносабатда бўлмагунча, ҳеч қандай реал қадамлар бўлмаслигига сигнал берди. Туркия Президенти эса афсуски дон шартномасини қайта тиклашда бирор натижага эриша олмади. Хўш, ростдан ҳам бу сафар Эрдўған аниқ таслим бўлдими? Воқеалар ривожини QALAMPIR.UZ'да кузатинг!
LiveБарчаси