Путин саволга Қуръони Карим оятлари билан жавоб берди
Олам
−
17 Сентябрь 2019
29153Кеча, 16 сентябрь куни Туркия пойтахти Анқарада Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Сурия муаммосини ҳал этиш учун тўпланганлари ҳақида хабар берган эдик.
Тор ва кенг доирадаги учрашувлар якунлари, келишувлар бўйича Президентлар оммавий ахборот воситалари қаршисида баёнот берди. Журналистлар билан мулоқот қилар экан, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Ислом динининг муқаддас китоби Қуръони Карим билимдони эканини ҳам исботлашга уринган.
Журналистлардан бири куни кеча Саудия Арабистонидаги нефть конларига қилинган қуролли ҳужум, унинг натижаси, нефть нархининг 20 фоизга ошиб кетиши билан боғлиқ масала Президентлар учрашувида муҳокама қилингани билан қизиқди. Путин мазкур масала учрашувда кўриб чиқилмагани, аммо Яман масаласи муҳокама қилинганини айтаркан, ўз нутқида Қуръони Каримнинг Оли Имрон сураси 103-оятини эслатиб ўтади.
“Биз Саудия Арабистонидаги нефтни қайта ишлаш заводига қилинган ҳужумни муҳокама қилмадик. Агар Россиянинг муносабатини айтадиган бўлсам, Яманда жуда катта гуманитар инқироз давом этмоқда. Биз одамларга ёрдам беришга тайёрмиз.
Бу инқирозни ечишнинг энг яхши усули давлатлар ўзаро келишувга эришишида.
Туркиядек мусулмон давлатда бўла туриб, муқаддас Қуръони Карим оятларини эсламай ўтишнинг имкони йўқ. Сиз душман эдингиз, аммо Аллоҳ сизнинг қалбларингизни бирлаштирди ва сизни биродар қилди, дейилади Қуръонда. Сизни айирадиган масалалар орқа планда бўлиши керак. Маънавий яқинлик эса юзага чиқиши керак. Зўравонликка ҳеч қандай шаклда йўл қўйилмаслиги ҳақида Қуръонда ҳам айтилган”, дейди Путин.
Россия раҳбари сўзида давом этаркан, Саудия Арабистони ўзини ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қилиши учун Россия доим ёрдамга тайёр эканини билдирди ва қирувчи самолётларининг кичик рекламасини эълон қилиб ўтди.
“Эрон биздан С-300ни олди. Туркия ҳам С-400га эгалик қилмоқда. Саудия Арабистони ҳам улар каби бир қадам ташлаб ўзини ҳимоя қила олади”, дейди Путин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь