Путин, Эрдўған ва Руҳоний Анқарада ёпиқ эшиклар ортида учрашув ўтказади
Олам
−
16 Сентябрь 2019
4099Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний бугун, 16 сентябрь куни Сурия муаммосини ҳал этиш учун Туркия пойтахти Анқарага келди.
Рус матбуоти бир неча кундирки, расмийларга ҳавола берган ҳолда Сурияда уруш барҳам топганини овоз қилмоқда. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “Труд” газетасига берган интервьюсида ҳам маълум қилганди. Шунга қарамай, Туркия ва Эрон Сурияда тинчлик ўрнатиш, Конституцион тизимни қайтариш, Идлибдаги вазиятни барқарорлаштириш юзасидан саммит ўтказиш таклифини киритган.
Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ўз қароргоҳида давлат раҳбарларини кутиб олди.
Тадбир ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтиши айтилмоқда. Президент Путиннинг Матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, аввал Президентлар якка тартибда, сўнг заруратга қараб делегациялар билан учрашув ўтказадилар.
Саммитда Суриянинг танланган минтақаларидаги хавфсизлик, қочқинларга ёрдам бериш ва мамлакатда асосий инфратузилмани тиклаш масалаларини муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Суриянинг энг яқин қўшниси. 2011 йилда Сурияда бошланган нотинч вазият, қуролли тўқнашувлар, уруш ва бунинг оқибатида одамларниг ўз уйини ташлаб кетиши Туркияга ҳам хавф солмай қолмади. Норасмий маълумотларга кўра, Туркия қўшни тарафдан келган 6 миллиондан ошиқ қочқинларга эшикларини очган, ёрдам кўрсатган. Расмий маълумотларда эса қочоқлар сони 3,5 миллион экани айтилади.
LiveБарчаси