Путин Раҳмон билан Ўзбекистонда ўтадиган тадбирни муҳокама қилди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин бугун, 23 август тожикистонлик мавқедоши Имомали Раҳмон билан телефон орқали Ўзбекистонда сентябрь ойида бўлиб ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитини муҳокама қилди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар бермоқда. 

“Дўстона Россия-Тожикистон муносабатларини янада ривожлантиришнинг айрим долзарб масалалари, шунингдек, сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити мавзулари муҳокама қилинди”, дейилади хабарда. 

Тожикистон раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, Путин ва Раҳмон, шунингдек, долзарб халқаро муаммолар ва минтақавий ҳамкорликнинг айрим масалалари,  жумладан,  Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратган ҳолда минтақавий хавфсизликни таъминлаш юзасидан фикр алмашган.

Суҳбат якунида мазкур масалалар бўйича алоқаларни давом эттириш бўйича келишувларга эришилган ва томонлар ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлиги қайд этилган. 

Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 август куни Президентлар Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев ўртасида ШҲТ саммитига тайёргарлик масалалари бўйича телефон орқали мулоқот бўлиб ўтган эди. 

Маълумот учун, ШҲТ саммити 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган. Ҳозирда ташкилотга Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой ва Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон киради.  Кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон, ҳамкор давлатлар – Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка. Сўнгги пайтларда кўплаб давлатлар ШҲТга аъзо бўлиш истагини билдирмоқда.  Хусусан,  Самарқанддаги саммитда Эроннинг қўшилиш тартиби якунланиши ва Миср, Қатар ва Саудия Арабистонига мулоқот бўйича ҳамкор мақоми берилиши кутилмоқда. Беларуснинг ШҲТга тўлақонли аъзо сифатида қўшилиш ҳақидаги аризаси ҳам ўрганилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Имомали Раҳмон

Баҳолаганлар

126

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг