Путин Лукашенкони кимнинг яхтасида сайр қилдирди?

Олам 16440
image

Жорий йилнинг 29 май куни Россия Президенти Владимир Путин ва Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг норасмий шаклдаги учрашуви бўлиб ўтди.

Путин Россияда меҳмон бўлган Лукашенко билан 54 метрли “Чайка” яхтасида учрашди. “Дождь” телеканали Путин ва Лукашенко Қора денгизда сайр қилган яхта ҳақида маълумотларни тўплади.

Маълумотларга кўра, ўйин-кулгу учун мукаммал жой бўлган қуёшли терраса ҳашаматли супер яхтанинг тожи ҳисобланади. Олти кишига мўлжалланган жакузи, соябон ва ёпиқ меҳмонхонадан ташқари, яхтада барбекю учун жой, бар ва очиқ ҳавода 14 кишилик овқатланадиган жой бор.

Катта эҳтимол билан Путин учун мўлжалланган асосий каютада иш кабинети, бар ва шахсий ҳаммом бор. Бу кеманинг энг ҳайратланарли хонаси бўлиб, полдан тортиб шифтгача шаффоф ойнадан ишланган.

“Чайка” яхтаси 2009 йилда сувга туширлган, 2011 йилда эса Россия ҳукумати томонидан сотиб олинган. Яхта Туркияда қурилган. Россия сотиб олгач, кема дастлаб “Сириус” деб номланган. Кема дизайнери франциялик Жан Ги Верже.

BBC маълумотига кўра, Президент бошқармаси уни 30 миллион еврога сотиб олган. Яхта узунлиги 54 метр, кенглиги 9,5 метр. Кема ёнилғи тўла бак билан 5 минг денгиз милигача (8 минг километрдан ортиқ) суза олади. Кеманинг максимал тезлиги соатига 33 километр.

Салоннинг майдони 100 квадрат метр. Кемада SPA-бассейн ҳам бор. Яхтада олтита, жумладан, VIP каюта ҳам бор. Катта эҳтимол билан Лукашенко шу ерда дам олган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 708
Рейтинг: 3
t
×