Путин Кремлда Назарбоев билан учрашди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин кеча, 29 май куни Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди

Кремлда бўлиб ўтган учрашувнинг бошқа тафсилотлари очиқланмаган.
Қайд этиш жоиз, Назарбоев сўнгги марта 2024 йил декабрида Ново-Огарёвода Путин билан учрашган эди. Қозоғистоннинг амалдаги Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг жорий йилда “Ana tili” газетасига берган интервьюсида маълум қилишича, бу уларнинг 2024 йилдаги иккинчи учрашуви бўлган. Шунингдек, у бундай учрашувлар ташаббускори Нурсултон Назарбоев эканини, чунки у учун бу учрашувлар ниҳоятда муҳимлигини айтди.

“Нурсултон Назарбоевнинг Владимир Путин билан декабрдаги учрашуви ўтган йилдаги иккинчи учрашув бўлди. Куз бошидаги биринчи учрашув ҳақида оммавий ахборот воситаларида хабар берилмаган. Улар, эҳтимол, эски дўстлар ва ҳамкасблар сифатида учрашади, уларда эслаш керак бўлган нарса бор. Шуни унутмаслигимиз керакки, у Қозоғистон ССР Вазирлар Кенгашининг собиқ раиси, партия раҳбари, кейин эса суверен Қозоғистон президенти сифатида Кремль билан маънавий ва сиёсий жиҳатдан чамбарчас боғлиқ. Негаки у Москвада хизмат сафарларида, қурултой ва пленумларда, ишчи ва расмий ташрифларда шунча вақт сарфланган”, деганди Президент Тўқаев.

Маълумот учун, Нурсултон Назарбоев 1991 йилдан 2019 йилгача Қозоғистон президенти лавозимида ишлаган. 2019 йил март ойида у ўз илтимосига кўра истеъфога чиқди. Июнь ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларида Қосим-Жомарт Тўқаев ғалаба қозонган эди.

2022 йил январида Қозоғистонда йирик тартибсизликлар ва норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Намойишчиларнинг талабларидан бири Назарбоевни сиёсатдан четлаштириш эди.  2023 йилнинг январь ойида Қозоғистон парламенти бир овоздан Назарбоевни “Элбоши” мақомидан маҳрум қилди. Шундан сўнг, дарҳол Сенат у Қозоғистон фахрий сенатори бўлмаслигини эълон қилди. Кейинчалик эса парламентда бу унвон бутунлай бекор қилинди. Май ойи охирида собиқ президентни ҳақорат қилиш жиноят ҳисобланмаслиги маълум бўлди. Илгари собиқ президентни ҳақорат қилган фуқаролар уч йил қамоқ жазосига ҳукм қилинарди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нурсултон Назарбоевнинг рафиқаси Сара Назарбоева вафот этгани ҳақида хабарлар рад этилганди. Сара Назарбоева айни пайтда Қозоғистон Республикаси Президент маъмуриятининг тиббиёт марказида даволанмоқда. Тиббиёт муассасаси маъмурияти бемор билан боғлиқ барча муолажалар белгиланган тиббий стандартлар асосида, малакали мутахассислар назоратида олиб борилаётганини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Нурсултон Назарбоев Владимир Путин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг