Путин қайси вакцина билан эмланганини айтди
Олам
−
30 Июнь 2021
11047Россия Президенти Владимир Путин “Спутник V” вакцинаси билан эмланган. Бу ҳақда Владимир Владимировичнинг ўзи бугун, 30 июнь куни “Президент билан тўғридан-тўғри алоқа” лойиҳасида мамлакат фуқаролари саволларига жавоб бераётиб маълум қилди.
Президент эмландими ёки йўқ, нега видеолавҳаси кўрсатилмади ва у қайси вакцина билан эмланди, деган саволга Путин қуйидагича жавоб қайтарган:
“Бирор бир вакцинага бошқалари билан рақобатда устунлик бермаслик учун мендан қайси вакцина билан эмланаётганимни айтмасликни сўрашди. Видеолавҳага келадиган бўлсак, буни кўрсатишни унчалик ҳам муҳим, деб ҳисобламайман. Агар вакцина қўлга эмас, бошқа жойга қилинган бўлса, бундай ҳолатни ҳам кўрсатиш керакми?”, дея кулиб жавоб берди Путин.
Россия Президентининг қўшимча қилишича, ҳозир ўзини вакцина олаётгандек кўрсатаётган айёрлар кўп. Тиббиёт ходимлари эса бу жараёнда роль ўйнамоқда.
Эслатиб ўтамиз, Президент Путин жорий йилнинг 24 март куни коронавирусга қарши эмланган. Бироқ ўшанда давлат раҳбарининг қайси вакцина билан эмлангани очикланмаганди. Бундан ташқари ушбу жараён акс этган видеолавҳа ҳам намойиш этилмаган. Бу эса жамоатчиликда турли хил савол ва шубҳалар пайдо бўлишига сабаб бўлган. Кейинроқ Владимир Владимирович ушбу ҳолатга қуйидагича ихоҳ берди:
“Кимдир, қаердадир шундай қилса, биз ҳам сиз билан маймун бўлишимиз керакми? Менимча йўқ, ахир кимдир кўзбўямачилик қилишни истаса, буни уддасидан чиқиш қийин эмас. Уколни кўрсатиб, аслида физраствор ёки кефир юбориш ҳам мумкин. Ҳазил албатта, витаминлар дейлик”.
Қайд этиш керакки, Россиянинг коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинаси билан Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев ҳамда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам эмланган.