Путин қамоққа олиниши мумкинми? ЖАР ундан BRICS саммитига келмасликни сўради
Олам
−
01 Май 2023
12156Жанубий Африка Республикаси ҳукумати Россия Президенти Владимир Путинни бўлажак BRICS саммитида иштирок этишдан бош тортишга чақирди. Бу ҳақда “The Sunday Times” газетаси хабар қилди.
Нашр манбаларига кўра, Жанубий Африка расмийлари Кремлни Путинни видеоалоқа орқали саммитда иштирок этишга кўндирмоқчи.
Россия Федерацияси Президенти шахсан Жанубий Африкага келган тақдирда, мамлакат расмийлари Путинни ҳибсга олиш тўғрисидаги Халқаро жиноий суд томонидан чиқарилган ордерни бажариши керак бўлади.
“Бизда Путинни ҳибсга олмасликнинг иложи йўқ. Агар у келса, биз уни ҳибсга олишимиз керак”, дейди тегишли манба.
Жорий йилнинг 25 апрель куни Жанубий Африка Президенти Сирил Рамафоса “халқаро жиноят судининг айрим давлатларга нисбатан адолатсиз муносабати” туфайли унинг мамлакати Халқаро жиноий суд юрисдикциясидан чиқишга қарор қилганини айтганди.
27 апрель куни эса Жанубий Африка Президенти сайтида мамлакат ХЖК юрисдикциясидан чиқмаслиги ҳақида хабар пайдо бўлди. Бунга жавобан Президентнинг аввалги баёноти хато изоҳ берилган дейилди.
BRICS саммити (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка) август ойида Жанубий Африкада бўлиб ўтиши керак.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 март куни Гаагадаги Халқаро жиноий суд Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган, чунки улар болаларнинг ноқонуний депортацияси билан боғлиқ ҳарбий жиноятлар учун жавобгар деб топилганди. Кремль ХЖС қарорини қонун нуқтаи назаридан аҳамиятсиз деб атади ва Россияда ХЖС прокурори ва судьяларига нисбатан иш очилди. Шунингдек, Венгрия ва Арманистонда ҳам Путин ҳибсга олинмаслиги маълум қилинди.
LiveБарчаси