Путин Горбачёв билан видолашувга корчалонларидан гулчамбар юборди

Олам 6020
image
-

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин СССРнинг биринчи ва ягона президенти Михаил Горбачёв билан видолашув маросимига келмади. Шундай бўлса-да, давлат раҳбари ўзи номидан марҳум хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида гулчамбар юборди. Совет раҳбари билан видолашув маросими бугун, 3 сентябрь куни Москвадаги Касаба уюшмалари уйида бўлиб ўтмоқда.  

Президент гулчамбари дарҳол тобут бошига қўйилди. Катта, деярли одам бўйидек келадиган гулчамбар алвон гуллардан иборат. Унинг устига рус триколори рангларидаги лента боғланган. 

Унинг ёнида Россия Федерацияси Президенти маъмуриятининг гулчамбари бор. Шунингдек, маросимга Россия Федерацияси ҳукумати ва Бош вазир Михаил Мишустин, ҳокимият, компания ва ташкилотлардан алоҳида гулчамбарлар келтирилган. 

Путин Россия Федерацияси президенти сифатида Горбачёв билан бир неча бор учрашган, охирги марта бундан 16 йил аввал – 2006 йилнинг март ойида сиёсатчининг 75 ёшга тўлишининг эртасига собиқ Совет Иттифоқи раҳбарини Ново-Огарёвода қабул қилган.

Михаил Горбачёв 1931 йил 2 мартда туғилган. У 1990 йил 15 мартдан 1991 йил 25 декабргача СССРнинг биринчи ва охирги президенти бўлган. Бундан ташқари, у Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг охирги Бош котиби ва СССР Олий Кенгаши Президиумининг раиси лавозимларида ишлаган.

Горбачёв 1991 йил 25 декабрда СССР президенти лавозимидан истеъфога чиқди, шу билан бирга Совет Иттифоқи ўз фаолиятини тўхтатди. Горбачёв жамғармасида сақланадиган меҳнат дафтарчасида унинг давлат раҳбари лавозимини тарк этгани ҳақида ҳеч қандай қайд йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Михаил Горбачёв 30 август куни кечқурун оғир ва узоқ давом этган хасталикдан сўнг вафот этди

Горбачёв Москвадаги Новодевичий қабристонига, турмуш ўртоғи ёнига дафн этилади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 157
Рейтинг: 3
t
×