Путин “дон йўлаги”ни ёпиш билан таҳдид қилди

Олам

image

Россияни Қрим яримороли билан боғловчи Керч кўпригидаги теракт учун портловчи моддалар дон ташувчи кемада Одессадан олиб чиқилгани тасдиқланса, Россия дон йўлагини ёпади, бироқ бу факт ҳали аниқланмаган. Бу ҳақда кеча, 14 октябрь куни журналистларга Россия Президенти Владимир Путин маълум қилди.

“ФХХнинг таъкидлашича, портловчи модда деб аталадиган юк Одессадан денгиз орқали юборилган, аммо бу дон ташувчилар ёрдамида амалга оширилганми ёки йўқми аниқланмаган. Ҳозирча бунга жавоб йўқ”, дейди Президент.

У дон йўлаклари энг қашшоқ мамлакатларга маҳсулот экспорт қилиш баҳонасида ташкил этилганини эслатган.

“Аммо инсонпарварлик коридорлари террорчилик ҳаракатларини амалга ошириш учун фойдаланилаётгани аниқланса, албатта, бу йўлакнинг ишлашини шубҳа остига қўяди”, дейди у.

Маълумот учун, жорий йилнинг 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Россия Миллий Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Украинадан ғалла экспорти бўйича келишув Одесса, шунингдек, Черноморск ва Южнийдан хавфсиз йўлакларни яратишни назарда тутади. Ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини беради.

Келишув кучга кирганидан кейин 14 октябргача Украина портларидан қарийб 7,5 млн тонна дон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилинди.

Қрим кўпригида портлаш

Эслатиб ўтамиз, 8 октябрь куни Қрим кўпригида портлаш юз берди ва натижада поездаги цистерналарда ёнғин чиқди. Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари кўприкда юк машинаси портлатилганини маълум қилди. Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.

Ҳодиса юзасидан Россия Тергов қўмитаси террорчилик моддаси билан жиноий иш очди.

Украина Президенти девони раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк ҳодисага муносабат билдириб, бу бошланиши эканини, ноқонуний қурилган барча нарса йўқ қилинишини таъкидлади.

Президент Владимир Путин буйруғи билан ҳодисани ўрганиш учун ҳукумат комиссияси тузилди. Ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлди.

Россия Федерацияси ФХХ ва Тергов қўмитаси Қрим кўпригидаги теракт ташкилотчиси Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси, унинг бошлиғи Кирилл Буданов, ходимлари ва агентлари бўлганини иддао қилмоқда. Қрим кўпригидаги портлаш бўйича очилган жиноят иши доирасида 8 киши, жумладан, беш нафар Россия, уч нафар Украина ва Арманистон фуқаролари қўлга олинди.

Қрим кўприги Россиядаги энг узун кўприк бўлиб, унинг узунлиги 19 километрни ташкил қилади. Автомобиль қисми 2018 йил май ойида фойдаланишга топширилган. 2019 йил декабрь ойида эса унинг темир йўл қисми бўйлаб биринчи поездлар ҳаракатланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин

Баҳолаганлар

73

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made