Путин Байден билан бўлажак учрашуви ва Беларусдаги сиёсий инқироз ҳақида гапирди

Олам 5525
image

Россия Президенти Владимир Путин АҚШ Президенти Жо Байден билан Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтадиган учрашувда Америка раҳбари билан икки томонлама муносабатларни тартибга солувчи йўлларни топиши кераклигини айтди. Бу ҳақда Президент Путин бугун, 4 июнь куни Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми ялпи мажлисда айтиб ўтди.

“Биз икки томонлама муносабатларни муҳокама қиламиз. Ушбу муносабатларни тартибга солиш йўлларини излашимиз керак. Бугун улар жуда паст даражада ва ҳаммамиз буни яхши биламиз”, дейди Россия раҳбари.

Путин сўзида давом этар экан, Байден билан учрашувининг кун тартибида турувчи мавзуларга батафсил тўхталди. 

“Биз стратегик барқарорлик, энг қайноқ халқаро низоларни ҳал қилиш ҳақида гаплашамиз. Шунингдек, қуролсизланиш жараёнлари ва терроризмга қарши кураш ҳақида ҳам суҳбатлашамиз, деб умид қиламан. Пандемияга қарши кураш ва экологик муаммолар. Бу тахминий кун тартиби”, дейди Россия Президенти.

Путинга кўра, Россия АҚШ билан ҳеч қандай келишмовчиликларга эга эмас, бироқ Америка томони Россиянинг ривожланишини чеклаш борасидаги истагини яширмаяпти.

“Бизда Қўшма Штатлар билан ҳеч қандай келишмовчиликлар йўқ. Уларда эса битта келишмовчилик бор: улар бизнинг ривожланишимизни тўхтатиб қўйишни истайди. Ва улар бу ҳақда очиқчасига гапирмоқда”, дейди Путин.

Эслатиб ўтамиз, Путин ва Байденнинг биринчи юзма-юз учрашуви 16 июнь куни Женевада бўлиб ўтади. Кремль илгари хабар берганидек, раҳбарлар Россия-Америка муносабатларининг жорий ҳолати ва келгусидаги ривожланиш истиқболлари, стратегик барқарорлик масалалари, шунингдек кун тартибидаги долзарб халқаро масалаларни, жумладан коронавирус пандемиясига қарши курашда ўзаро ҳаракатларни муҳокама қилади.

Президент Путин Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми ялпи мажлисда бир қанча халқаро масалалар қатори сўнгги вақтларда жаҳон ҳамжамияти эътиборини тортаётган Беларусдаги воқеаларга ҳам тўхталиб ўтди. 

Владимир Владимирович Россия Беларусдаги ички сиёсий воқеаларга нисбатан нейтрал позицияни эгаллаши ҳамда бу Беларусь халқининг иши эканини маълум қилди

Маълумот ўрнида, сўнгги вақтларда Беларусда ички сиёсий мувозанат бузилган. Бунинг илдизи 2020 йилнинг август ойида мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловларига бориб тақалади. Сайлов натижаларига кўра, 80 фоиз овоз билан Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғалаба қилди. Бироқ ушбу натижалар аҳолининг катта қисмида шубҳа уйғотди ва мухолифатнинг чақируви билан мамлакатда намойишлар бошланди. Бир неча ой давом этган митинг ва маршлар ҳеч қандай фойда келтирмади. Лукашенко ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолди. Мухолифат ҳамда унинг кўплаб тарафдорлари эса Польша, Литва каби Европа давлатларига қочиб кетди ва у ердан сиёсий бошпана топди.  

Ушбу воқеаларнинг давоми сифатида яқинда юз берган яна бир ҳолат жаҳон ҳамжамиятининг кенг муҳокамасига сабаб бўлмоқда. Бу 23 май куни Грециянинг Афинасидан Литванинг Вильнюс шаҳрига учиб кетаётган “Ryanair” авиакомпаниясининг самолёти Минскга қўндирилиши билан боғлиқ. 

Маълум бўлишича, самолёт бу вақтда Беларусь осмонида парвоз қилаётган бўлган ва мамлакат Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли МиГ-29 қирувчиси йўловчи самолётининг мажбурий тарзда қўндирилишини таъминлаган. Расмийлар бундай фавқулодда ҳаракатга самолётда бомба борлиги ҳақидаги хабарни сабаб қилиб кўрсатди. Кейинчалик, бу хабар ўз тасдиғини топмади. 

Маълум бўлишича ушбу самолёт бортида бомба эмас, Беларусда терроризмга алоқадорлар рўйхатига киритилган журналист Протасевич бўлган ва у дарҳол ҳибсга олинган.

Нега журналист Протасевич Беларусда терроризмга алоқадорлар рўйхатига киритилган?

Гап шундаки, Протасевич бош муҳаррирлик қилган Nexta Telegram канали 2020 йилнинг ёзида Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг бошланган ва бир неча ой давом этган норозилик намойишларини ёритган ва оммани унда қатнашишга чорлаган.

Қайд этиш керакки, Nexta Telegram канали Беларусда экстремистик, деб топилган. 

Протасевич эса Беларусда “оммавий тартибсизликлар уюштириш”да (бу учун 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин) ва “гуруҳ бўлиб жамоат тартибини қўпол равишда бузганлик”да (уч йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин) айбланмоқда. 

Бундан ташқари, унга нисбатан касбий мансублиги асосида “ижтимоий адоватни қўзғатишга қаратилган хатти-ҳаракатларни қасддан содир этиш бўйича жиноий иш қўзғатилган (энг юқори жазо 12 йил).

“Ryanair” воқеасидан сўнг Литва Беларусдан самолётларни қабул қилишни тўхтатди, Европа Кенгаши Европа Иттифоқи мамлакатларига “Белавиа”нинг барча парвозларини тақиқлашни буюрди, шунингдек, Буюк Британия ҳам “Белавиа”нинг парвозларига рухсатни тўхтатди. 

Европанинг Франциянинг “Air France”, Латвиянинг “airBaltic” Голландиянинг KLM, Скандинавиянинг SAS, Венгриянинг “Wizz Air”, Германиянинг "Lufthansa", Финляндиянинг "Finnair" авиакомпанияси Беларусь ҳаво ҳудудидан фойдаланмаслигини маълум қилди. Шунингдек, Украина 26 май ярим тундан бошлаб Беларусь билан парвозларни расмий равишда тўхтатди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 93
Рейтинг: 3
t
×