Путин аллақачон Марказий Осиёда “тормоз босишни бошлаган” – эксперт
Олам
−
27 Ноябрь 2023
20490Марказий Осиё давлатлари Россияга қарамликни бошқасига алмаштирадиган ҳолатда қолишни истамаяпти. Шунинг учун уларнинг халқаро муносабатлардаги асосий мақсади имкон қадар алоқаларини диверсификация қилишдир. Бу ҳақда жорий йилнинг 21 ноябрь куни Вашингтондаги Вудро Вильсон номидаги халқаро илмий марказда ўтган “Россиянинг Марказий Осиёдаги таъсири пасайяптими?” номли муҳокамаларда Берлиндаги Карнеги Россия-Евроосиё маркази илмий ходими Темур Умаров сўз очди.
“Марказий Осиёдан манфаатдор барча давлатлар билан барча алоқалар минтақа учун муҳим. Марказий Осиё Хитой билан муносабатларини кенгайтиришга интилиш баробарида Россиянинг мавжудлигини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Мамлакатлар, албатта, Туркия билан алоқаларини, айниқса, хавфсизлик соҳасида кенгайтиради. Менимча, Марказий Осиёда ҳеч ким яна бир давлат ўз минтақасида худди Совет давридагидек ҳукмронлик қилишини истамайди”, дейди Умаров.
Унинг қайд этишича, Россия Украинадаги урушнинг муваффақиятсиз кечиши оқибатида юзага келган муаммолардан олдин ҳам “минтақада тормозни боса бошлаган”.
“Дарҳақиқат, Россия ва унинг ташқи сиёсати диққат марказида бўлган энг муҳим нарса ҳар доим бошқа нарса эди, у Марказий Осиё бўлмаган”, дейди у.
Умаровга кўра, Кремлни Марказий Осиё чиндан ҳам қизиқтирмаган, у ҳеч қачон минтақадаги мавжудлиги учун жуда кўп маблағ сарфламаган.
“Ўрта Осиёдан Москва Россиянинг буюк давлат эканлигини кўрсатиш учун фойдаланди, айниқса, Ғарб билан муносабатларда. Россия Америка каби бўлишни хоҳлади ва бунинг учун унга ҳукмрон куч деб ҳисобланиши қиммат бўлмаган мамлакатлар керак эди”, дейди Умаров.
Путиннинг минтақадаги келажак режалари қандай?
Экспертнинг урғулашича, Россия Президенти Владимир Путин Марказий Осиёнинг ривожланишини тўхтатишни хоҳлаган, аммо...
“У бу ерда Россия ҳамон ҳукмрон “буюк империя” сифатида тан олинган ва маҳаллий сиёсий етакчилик учун намуна бўладиган минтақани кўрмоқчи. Шу боис, Россия Марказий Осиё мамлакатлари Ғарб билан иқтисодий ҳамкорликни қандай кенгайтираётганини ёки, масалан, алифбосини ислоҳ қилиш, кирилл алифбосидан лотин алифбосига ўтиш ҳақида гапираётганини рашк билан кузатади”, дейди Умаров.
Уруш пайтида таъсири кучаядиган яна бир омил
“Россия иқтисодиёти Марказий Осиёдан меҳнат миграциясисиз барқарор ривожлана олмайди. Бундан ташқари, Россия демографияси ҳам шунга ўхшаш ўсишга муҳтож. Сўнгги маълумотларга кўра, Россия аҳолиси ҳеч бўлмаганда камаймаслиги учун мамлакатга ҳар йили 300 минг кишилик муҳожирлар оқими керак”, дейди Карнеги Россия-Евроосиё маркази илмий ходими Темур Умаров.
Унинг билдиришича, шу тариқа, Украинада бошланган уруш Кремлни нафақат Россиянинг Марказий Осиёдаги ҳарбий иштирокини камайтиришга мажбур қилди, балки Россиянинг ўзи кимнинг таъсири остида бўлишидан қатъи назар, Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан экзотик қарамлик турларини келтириб чиқарди ва кучайтирди.
“Айтишимиз мумкинки, биз Марказий Осиёнинг Россияга қарамлиги ҳақида гапирганимизда муҳокама қилган барча нарсаларни энди остин-устун қилиб юбориш мумкин”, дейди Темур Умаров.
LiveБарчаси