Россия Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари қўлга олинди
Олам
−
26 Июль
11714Россия Мудофаа вазирининг логистика масалалари бўйича собиқ ўринбосари Дмитрий Булгаков коррупцияда айбланиб, қўлга олинди. Ҳозирда унга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда мамлакат Тергов қўмитаси хабар берди.
“Россия Тергов қўмитасининг Бош тергов бошқармаси 2008-2022 йилларда Мудофаа вазири ўринбосари лавозимида ишлаган Дмитрий Булгаковга нисбатан коррупция масаласига оид жиноий иш бўйича тергов олиб бормоқда”, дейди Тергов қўмитаси расмий вакили Светлана Петренко.
Суд Дмитрий Булгаковга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаган. Собиқ вазир ўринбосари Москвадаги Лефортово тергов изоляторига жойлаштирилган.
Дмитрий Булгаков 69 ёшда. 2022 йилда у вазир ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Мудофаа вазирлиги Бош инспекторлигига ўтказилган. 2016 йилнинг май ойида у “Россия Қаҳрамони” мукофотини олди. Булгаков армиядаги техник ёрдам учун масъул бўлган. 2015 йилдан 2017 йилгача у Украинани айланиб ўтадиган темирйўл линиясини қуриш билан боғлиқ масалаларни назорат қилган. Шунингдек, Суриядаги рус қўшинларини таъминлаш учун ҳам жавобгар эди.
Бу сўнгги ойларда Россия қуролли кучлари раҳбариятидаги ягона шов-шувли иш эмас. Масалан, май ойида Россия Мудофаа вазирлигининг кадрлар бўлими бошлиғи Юрий Кузнецов ҳам пора олаётганликда айбланиб қўлга олинди. Худди шу ойда Россия Мудофаа вазирлигини танқид қилган 58-армиянинг собиқ қўмондони Иван Попов фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинган. Май ойи охирида Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг собиқ ўринбосари, генерал-лейтенант Вадим Шамарин ҳибсга олинган эди. У 36 миллион рубль миқдорида пора олганликда айбланмоқда ва аллақачон айбини қисман тан олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда Мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов ишига алоқадор учинчи шахс қўлга олинганди. У “ОлимпСитиСтрой” компанияси асосчиси Александр Фомин вазир ўринбосарига пора берганликда айбланиб, ҳибсга олинган. Шунингдек, Мудофаа вазирлигига қарашли қурилиш компанияси раҳбари қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси