Россияда YouTube тезлиги 70 фоизга секинлашиши мумкин
Олам
−
25 Июль
4820Россияда YouTube видеохостингининг юкланиш тезлиги 40 фоизга, кейинги ҳафта охирига келиб эса 70 фоизга тушиши мумкин. Бу ҳақда Россия Давлат Думасининг Ахборот сиёсати қўмитаси раҳбари, депутат Александр Хинштейн ўзининг Тelegram-каналида маълум қилди.
Депутатнинг ёзишича, мамлакат расмийлари платформанинг ишлаш тезлигини сунъий равишда секинлаштира бошлаган.
“Яқин кунларда YouTube'нинг компьютерларда фойдаланганда юклаб олиш тезлиги 40 фоизга, кейинги ҳафта охирига келиб эса 70 фоизга пасайтирилиши мумкин. Бу чора ҳозирча мобил интернет орқали фойдаланишга таъсир қилмайди”, дея ёзади Хинштейн.
Александр Хинштейннинг сўзларига кўра, видеохостинг ишини секинлаштириш россиялик фойдаланувчиларга эмас, балки YouTube раҳбариятига қарши қаратилган мажбурий қадам бўлиб, бу билан Россия расмийлари видеохостинг ишига таъсир ўтказишга уринаётганини билвосита тан олади. Давлат Думаси депутати YouTube'нинг Россияда чекланишини “Россияга қарши хостинг сиёсати” билан ҳам боғлаган.
“ComNews Research” нашри маълумотларига кўра, 2022 йилда Россияда фаолият кўрсатаётган 700 та маҳаллий сервердан 2023 йил охирига келиб атиги 450 таси қолган.
Маълумот учун, платформанинг секинлашиши жорий йилнинг 12 июль куни бошланган. “Ростелеком” эса буни Google компаниясига тегишли ускунанинг ишлашидаги техник носозликлар туфайли юзага келганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Microsoft компанияси Windows ишдан чиқиши 8,5 миллион қурилмага таъсир қилгани ҳақида маълумот берганди. Шов-шувли ҳодисага CrowdStrike антивирус янгиланишидаги хато сабаб бўлганди.