Путин Афғонистоннинг “музлатилган” пулларини “Толибон”га беришни таклиф қилди
Олам
−
30 Ноябрь 2021
6980“Толибон” Афғонистондаги вазиятни назорат қилмоқда. Ушбу мамлакатнинг хорижий банклардаги пулларини блокдан чиқариш ва пулларни инсонпарварлик мақсадида ишлатиш учун толибларга имкон тариқасида бериш керак. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин “ВТБ Капитал” инвестиция форумида таъкидлади.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозир “радикал ҳаракатга баҳо беришнинг вақти эмас”, чунки у мамлакатдаги вазиятни назорат қилмоқда.
“Афғон халқига ёрдам бериш керак, пул маблағларини блокдан чиқариш керак. Ғарб банкларидаги, биринчи навбатда АҚШдаги афғон пуллари блокдан чиқарилиши ва одамларга ҳеч бўлмаганда элементар муаммоларни ҳал қилиш имкониятини бериш керак”, дейди Путин.
Россия раҳбари Афғонистон ҳисобларини “гуманитар муаммоларни ҳал қилиш учун мақсадли тарзда” блокдан чиқаришни таклиф қилган. Путин маблағлар тиббий асбоб-ускуналар, дори-дармонлар харид қилиш ва болаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилишига ишонч билдирган. Унинг таъкидлашича, ушбу маблағлар қурол сотиб олиш учун сарфланмайди.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистоннинг ҳам ушбу масаладаги қарашлари Россияникига жуда яқин. Жумладан, мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев мунтазам равишда афғон халқини ҳозирги қийин кунларда ёлғиз қолдирмаслик кераклигини таъкидлаб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида “Толибон” ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни эгаллагач Халқаро Валюта Жамғармаси ва бошқа Ғарб ташкилотлари мамлакатни молиявий қўллаб-қувватлашни тўхтатди. Афғонистоннинг Ғарб давлатлардаги ҳисоб рақамлари эса музлатилди. Хусусан, АҚШ Федерал захира тизимидаги 7 миллиард долларлик активларга киришни ёпиб қўйди.
Айни вақтда Афғонистон гуманитар инқироз ёқасида турибди. Ҳатто, жорий йил охиригача ушбу давлатда 1 миллион бола очликдан ўлиши мумкинлиги прогноз қилинмоқда. Расмий Тошкентнинг Афғонистондаги вазиятни эътиборсиз қолдирмаслик борасидаги чақириқлари ортида Европа ушбу давлатга Термиз орқали гуманитар ёрдам кўрсатиш режаси билан чиқди. Шу ўринда Афғонистонда ҳокимият “Толибон” ҳаракати қўлига ўтгач мамлакатдаги вазият оғирлашганини эслаб ўтиш керак.
Маълумот учун, мамлакатда ҳокимиятни эгаллаган толиблар, 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлигини тузди. Жорий йилнинг 6 сентябрь куни “Толибон”га бўйсунмай турган ягона вилоят – Панжшер эгаллангач, 7 сентябрь куни ҳаракат раҳбарлари муваққат ҳукуматни шакллантирди.
Қайд этиш керакки, толиблар Афғонистонда ҳокимиятга келгач, минглаб афғонлар ватанини тарк этди ва бу жараён ҳали ҳам давом этмоқда. Толибларни Афғонистонда тарафдорлари кўплигига шубҳа йўқ, бироқ улар ҳокимиятга келгач кўплаб қийинчиликларга учрамоқда. Айниқса, молиявий томондан йўқотишлар катта.
Шундай бир даврдан жаҳон ҳамжамияти Афғонистонни беэътибор қолдирмоқчи эмас. Бундай хатога дунё етакчилари аввал йўл қўйган. Бунинг оқибатлари айниқса АҚШнинг эсидан чиқмайди. Афғонистон террорчи гуруҳлар уясига айланмаслиги учун жаҳон етакчилари “Толибон” билан ишламоқчи, ҳатто ушбу ҳаракат БМТ томонидан террорчилик ташкилоти, деб тан олинган бўлса ҳам.
LiveБарчаси