“Пулларни амалдорлар еди, энди халқ тўлайди”. Жапаров давлат қарзи ҳақида гапирди
Олам
−
13 Апрель
18954Қирғизистонга қарз бергани учун Хитойнинг айби йўқ, пулларни ҳукумат ва амалдорлар ўғирлаган. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров "Кабар" агентлигига берган интервьюсида сўз очди.
“Ташқи қарз мавзусини унутайлик. Агар ташқи қарзимиз 10-15 миллиард долларгача ошган тақдирда ҳам хавотирга ўрин йўқ”, деган Жапаров.
Унга кўра, 2020 йилда мамлакатнинг ташқи қарзи қарийб 5 миллиард долларни ташкил қилган. Бу миқдор 30 йил давомида тўпланган Қирғизистон қарзини ифодалайди. "Датка-Кемин" электр узатиш линияси, шимолий-жанубий муқобил йўл қурилиши, иссиқлик электр станциясининг модернизация қилинишини инобатга олмаганда, ушбу маблағдан самарали фойдаланилмаган.
"Мен учта лойиҳа амалга оширилмаслиги керак эди, демайман. Қирғизистонга ушбу лойиҳалар сув ва ҳаводек зарур эди. Аммо улар 40 йилдан кейин ҳам ўзини оқламайди. Лойиҳаларнинг қиймати икки-уч баравар оширилган. Агар нархларни солиштирсангиз, шунга ўхшаш дизайн ва қурилишлар Европада бу ердан анча арзонлигини англайсиз. Ёш бола ҳам иссиқлик электр станциясини қуришга қанча маблағ сарфланишини ҳисоблай олади. Шимол-жануб йўли ва "Датка-Кемин" подстанцияси ҳам аслидан анча қиммат. Кредит бергани учун Хитойнинг айби йўқ. Бунга пулларни ўғирлаган ҳукумат ва амалдорлар айбдор", дейди у.
Жапаровнинг айтишича, энди қарзни қайтариш унинг жамоаси гарданига тушган. Шунга қарамай, давлат раҳбари тўлов бўйича муаммо бўлмаслигига ишонтирган.
“Мамлакатимизда тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурар экан, биз тўлай оламиз. Эсингизда бўлсин: қарзларни халқ тўлаяпти. Бюджетдан тўлаяпмиз. Чунки ҳали ўзини ўзи қоплайдиган лойиҳалар йўқ. Олинган пуллар эса қумга сингиган сувдек ғойиб бўлган”, дейди Қирғизистон етакчиси.
LiveБарчаси