Прописка ислоҳоти: Кимлар учун нималар ўзгарди?
Жамият
−
18 Май 2020
19366Жорий йилнинг 14 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар
— Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга имзо чекди.
Қонун қабул қилинганидан кейин ўз ўзидан фуқароларда прописка тизимига оид кўплаб саволлар туғилди. QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова прописка қилиш бўйича саволларга жавоб олиш учун Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бўлим бошлиғи Мўминов Фаррух билан суҳбатлашди.
– Қонунга қандай ўзгаришлар киритилди ва бу ўзгаришлар қачондан кучга киради?
– Авваламбор ушбу қонун билан амалда бўлган рухсат бериш тушунчасига эга бўлган “доимий прописка” атамаси “доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” сўзларига ўзгартирилди. Кейинги ўзгартириш Тошкентда фуқаролар биринчи ва иккинчи даражали қариндошларини ўзларининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда бўлган манзили билан бир қаторда эндиликда ўзларининг эгалигидаги хусусий мулкидаги уй-жойга ҳам прописка қилиши мумкин бўлди. Илгари амалда бўлган қонунда Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда бўлган фуқаро ўзининг қариндошини фақат пропискада турган манзилга доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқига эга эди.
– Дейлик, бир фуқаро Бухоро вилоятида доимий пропискада туради. Лекин Тошкент шаҳрида номида уй бор. Унинг ўзи ёки биринчи, иккинчи даражали қариндошини Тошкентда пропискадан ўтказиш жараёни қандай кечади?
– Янги қонун билан эндиликда Бухоро вилоятида доимий рўйхатда турган фуқаро ўзининг биринчи ва иккинчи даражадаги яқин қариндошини Тошкент шаҳридаги номидаги уйига доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқига эга бўлди. Фуқаро ўзи Бухорода доимий рўйхатдан ўчиб туриб, Тошкентдаги уйига доимий рўйхатдан ўтиб, кейин қариндошини рўйхатга қўйиши амалиёти бекор бўлди. Эндиликда у Бухорода доимий рўйхатдан ўчмасдан қариндошини Тошкент шаҳридаги ўзининг мулки бўлган уйга пропискага қўйиши мумкин. Шу билан бирга рўйхатнинг 5-банди асосида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш учун эр-хотин никоҳдан кейин 1 йил бирга яшаши кераклиги ва бир йил ичида никоҳи бекор қилинган тақдирда доимий рўйхати бекор бўлиши тўғрисидаги қоидалар ҳам олиб ташланиб, фуқаролар ўзаро қонуний никоҳдан ўтган кундан бошлаб, ўзларининг доимий рўйхатда турувчи манзил бўйича турмуш ўртоқларини пропискадан ўтказиш ҳуқуқига эгалар. Қонуний никоҳдан сўнг 1 йил кутишга зарурат йўқ. Никоҳ бекор қилинганда ҳам прописка сақланиб қолади.
Ўзгаришлардан яна бири тегишли, лавозимларга сайланган, тайинланган ва тасдиқланган фуқароларга ҳам республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар учун лавозимни эгаллаб туриш даврида бериладиган доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш ҳуқуқи чеклови бекор қилинди. Мазкур қонун билан доимий рўйхатни ишдан кетиш муносабати билан бекор қилиш амалиётидан тўлиқ воз кечилди. Демак, ишлаётган одам доимий рўйхатдан ўтганидан кейин, агар маълум сабаблар билан ишдан четлатилса ёки бошқа хизмат вазифаларига ўтказилса, унинг доимий рўйхати сақлаб қолинади, бекор қилинмайди.
Кўпчилик фуқаролар томонидан катта мамнуният билан қарши олинган асосий ўзгаришлардан яна бири, қонунга 11-1-бандининг киритилиши бўлди. Бу нима дегани? Эндиликда давлат идораларида узлуксиз 5 йил меҳнат фаолиятига эга бўлган мутахассислар ҳеч қандай тўсиқларсиз Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўзларига истаган манзил бўйича доимий рўйхатдан ўтишлари мумкин. Айтайлик, Тошкент шаҳрида бир мактаб ўқитувчисининг фаолияти 5, 6, 7 йил ёки ундан ошиқ. Уни доимий рўйхатга қўйишда илгари турли тўсиқлар бўлган. Энди бу тўсиқлар олиб ташланди. Ишхонасидан 5 йилдан бери меҳнат қилаётгани ҳақида берилган маълумотнома асосида ўзи хоҳлаган манзил бўйича доимий рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга бўлди.
– Беш йил давомида дарс берган ўқитувчи доимий рўйхатдан ўтиш учун қаерга мурожаат қилиши ва қандай ҳужжатлар тақдим этиши талаб этилади?
Мазкур қонуннинг 11-1-бандига мос келувчи давлат идораларида хизмат олиб борувчи мутахассис энг аввало ўзи танлаган, доимий рўйхатдан ўтмоқчи бўлган ҳудудидаги туман миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига уй эгасининг аризаси, фуқаролик паспортлари, иш жойидан охирги 5 йил давомида узлуксиз ишлаётгани ҳақида маълумотнома ва турар-жой кадастрини тақдим этиб, рўйхатга қўйиш ҳуқуқига эга бўлади.
– Фуқаролар фикрлари қандай ўрганилди? Сўровнома ўтказилдими ёки сизларга келаётган мурожаатларга асосан ўзгартириш киритилдими?
– Ўрганишлар давомида жамоатчилик томонидан қўшимча қандай ўзгартиришлар киритилиши мумкинлиги тўғрисида фикрлар билдирилди. Уша фикрлар жамланган ҳолда куни кеча имзоланган қонун лойиҳаси қабул қилинди. Кенг жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда.
– Лойиҳани тайёрлашда қайси ривожланган давлатлар тажрибаси ўрганилди?
– Ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда кўпгина давлатлар тажрибаси ўрганилди. Масалан, Беларусь, Грузия, Жанубий Корея, Индонезия, Латвия, Малайзия, Мексика, Озарбайжон, Россия, Франция, Япония давлатларининг прописка тизимига оид тажрибалари ўрганиб чиқилди. Ушбу давлатларда шахс ҳақидаги маълумотларнинг идоралараро электрон шаклда интеграциялашуви йўлга қўйилганлиги юқоридаги каби жараёнларнинг долзарб ҳисобланмаслигини кўрсатди. Яъни улар аҳолининг миграция жараёнларини электрон ахборот алмашинуви орқали назорат қилиб боришади. Бизда ҳам ушбу жараённи сентябрдан бошлаб интеграциялашув ва бошқаларни ҳисобга олган ҳолда аҳолига қулайлик яратиш, уларни манфаатларидан келиб чиққан ҳолда татбиқ этиш назарда тутилмоқда.
– Биламизки, янги қурилаётган уйларни сотиб олса, доимий рўйхатдан ўтиш мумкин. Аммо у уйларни сотиб олишга ҳамманинг ҳам қурби етмайди. Ўзгартиришлардан сўнг, бу борада қандай янгиликлар бўлди?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5489-сонли фармони билан 2020 йил 1 апрелдан бошлаб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга эга бўлмаган фуқароларга ушбу ҳудудларда ўзлари хоҳлаган, яъни фақат “новостройка” эмас, балки иккиламчи бозордан хоҳлаган уй-жойларини харид қилиб, шу уйларига тўсиқларсиз рўйхатдан ўтиши ва ўзларининг яқин қариндошларини ҳам доимий рўйхатга қўйиш имконияти пайдо бўлди.
– Доимий рўйхатдан ўтиш учун бирор фуқаро мурожаат қилса, рўйхатдан ўтказиш неча кунда амалга оширилади?
– 2020 йил 1 сентябрдан бир қатор енгилликларни амалиётга жорий қилиш назарда тутилган. Қисқача айтганда, ҳозирги кунда фуқаронинг доимий ёки вақтинча яшаш жойи бўйича рўйхатсиз яшаши 10 кун бўлса, 15 кунга узайтирилди. Энди 15 кун давомида фуқаро вақтинча ёки доимий яшаш жойи бўйича яшаса жарима ёки маъмурий жавобгарликка тортилмайди. Шу билан бирга белгиланган муддатда 1 сентябрдан доимий рўйхатга қўйиш ишлари 3 кундан 1 кунга қисқартирилди. Ўша куннинг ўзида амалга оширилади.
– Мурожаат қилувчилар жуда кўп. Бу қандай амалга оширилади?
– Албатта, мурожаат қилувчилар кўп. Биз 1 сентябргача пропискага қўйиш тизимини соддалаштириш механизмини ишлаб чиқяпмиз. Фуқароларни куттириб қўймаслик, овора бўлиб, қайтиб келмаслик мақсадида мурожаат тушган заҳоти, яъни бир кунда рўйхатга қўйиш механизмини жорий қиламиз. Шу билан бирга 1 сентябрдан фуқароларни доимий рўйхатга қўйиш олдинги рўйхатда турган жойидан рўйхатдан чиқармасдан амалга оширилади. Бу нима дегани? Ҳозирги кунда пропискаси Наманган ёки Бухорода бўлган бир фуқаро Тошкент шаҳрига рўйхатга ўтмоқчи. У йўлкира, вақт сарфлаб вилоятга бориб, рўйхатдан ўчиб, кейин Тошкентга қайтиб, рўйхатдан ўтиши керак. 1 сентябргача янги тизим тайёрлаяпмиз. Энди фуқаролар олдинги яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўчмасдан туриб, рўйхатга ўтаётган жойининг ўзида автоматик тарзда олдинги рўйхатлари бекор бўлади. Бу жуда катта қулайлик.
Яна бир янгилик, паспортга “Доимий рўйхат” деган тўртбурчак шаклдаги штампимиз бор эди, у ерга манзил ҳам ёзиларди, ўша штампни паспортга босиш амалиётидан тўлиқ воз кечилади. Буларнинг бари идоралараро электрон тизим орқали марказлаштирилган тартибда амалга оширилади.
– Вояга етмаган болаларнинг рўйхатда туриш масаласи нима бўлади?
Ўзбекистон шароитида илк маротаба фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида ушбу фармон билан 1 сентябрдан бошлаб, вояга етмаган болаларни доимий рўйхатга қўйиш, уларга фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органлари (ФҲДЁ) томонидан туғилганлик ҳақида гувоҳнома бериш жараёнида ота ёки онасининг доимий рўйхати манзили бўйича автоматик тарзда рўйхатга киритиб қўйилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь