Прокурор ва катта инспектор пора билан қўлга тушди
3-саҳифа
−
06 Июль
15299Сирдарё вилояти ва Тошкент шаҳрида лавозимини суиистеъмол қилган мансабдор шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2021 йилда Сирдарё вилоятида фаолият юритувчи, махсус техникалар билан хизмат кўрсатишга ихтисослашган МЧЖ раҳбари кўп функцияли бурғилаш ускунаси олиб келиш мақсадида Хитой давлати компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси орқали шартнома тузган. Банкдан олган 1 млн 71 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағини ушбу компаниянинг ҳисоб рақамига ўтказган. Аммо шартнома талабларига зид равишда Хитойдан кўп функцияли ўрнига, бир функцияли бурғилаш ускунаси юборилган.
Оқибатда прокуратура органлари томонидан хорижий компаниянинг Ўзбекистондаги вакилларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, Жиззах вилояти ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган. Жиноят иши доирасида ўтказилган экспертизада мазкур ускуна кўп функцияли эканлиги тўғрисида хулоса берилган.
Бундан норози бўлган тадбиркорга эса Тошкент шаҳрида яшовчи, 1969 йилда туғилган шахс ўзининг мансабдор танишлари орқали ускунанинг бир функцияли эканлиги тўғрисида қайта экспертиза тайинлаш бўйича терговчи томонидан қарор чиқарилиб, экспертиза хулосасини унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб беришни таклиф этган. Эвазига 155 минг АҚШ доллари сўраган. Ва у 105 минг АҚШ долларини олган вақтда ушланган.
“Терговга қадар текширув давомида, мазкур шахс ушбу масалани Тошкент шаҳар прокуратурасининг маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўлими катта прокурори ҳамда унинг воситачиси бўлган, Тошкент шаҳридаги суғурта маркази раҳбари орқали ҳал қилиши кераклиги маълум бўлиб, улар ҳам процессуал тартибда ушланган”, дейилади хабарда.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг “Халқлар дўстлиги” санъат саройи ёнғинга қарши профилактикаси катта инспектори Юнусобод туманида янги қурилган нотурар бинога ўрнатилган ёнғин хавфсизлик тизимларини қабул қилишда ва бинонинг фойдаланишга топширилиши бўйича ижобий хулоса берилишида ваколатли ҳамкасби орқали кўмаклашиш эвазига 12 минг АҚШ доллари талаб қилиб, аввалроқ 3 минг АҚШ доллари олган. Ва у 2900 АҚШ долларини ўзининг ҳамкасбига берган вақтида ушланган.
“Ҳозирда катта инспекторга нисбатан прокуратура органлари томонидан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гаров эҳтиёт чораси қўлланилди”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15