Профессионал боксда супер жанг: Жошуа Усикни синовдан ўтказади

Спорт 1261
image

Профессионал бокснинг биринчи оғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони, украиналик Александр Усик жорий йилнинг 25 сентябрь куни британиялик Энтони Жошуа билан жанг қилади. Беллашув Лондондаги “Тоттенхем” стадионида WBA, WBO, IBF ва IBO чемпионлик камарлари учун бўлиб ўтади. 

Александр ўзининг Instagram саҳифасида шартнома имзолаш жараёни ҳамда реклама постерини намойиш этди.

“Йўл босиб ўтганники”, дея ёзиб қолдирган Усик.

34 ёшли украиналик боксчи 2013 йилдан буён профессионал боксда иштирок этиб келади. Усик биринчи оғир вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпионлигини қўлга киритгач, барча камарларидан воз кечиб, супероғир вазн тоифасига ўтди. Сўнгги жангини 2020 йилнинг октябрь ойида ўтказиб, британиялик Дерек Чисорани очколар эвазига мағлубиятга учратган эди. Александр фаолияти давоми 18 та баҳснинг барчасида ғалабага эришган (шундан 13 нокаут).

Энтони Жошуа ҳам 2013 йилдан буён проф боксда фаолият юритади. Унинг ҳисобида 25 жангдан сўнг 24 ғалаба мавжуд (22 нокаут). Битта беллашувда нокаут эвазига мағлуб бўлган. У сўнгги бор 2020 йилнинг 12 декабрь куни болгариялик Кубрат Пулевни нокаутга учратган. 

Маълумот ўрнида, 2012 йилги Лондон Олимпиадасида Александр Усик оғир, Энтони Жошуа эса супероғир вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 35
Рейтинг: 3
t
×