Пригожин бош кўтарди. “Вагнер” Ростовдаги ҳарбий округ штаб-квартирасини назорат остига олди (видео)
Олам
−
24 Июнь 2023
22971“Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси Ростов-Дондаги Жанубий ҳарбий округи штаб-квартирасини назорат остига олди. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган кадрларга кўра, вагнерчилар зирҳли техникалар ёрдамида Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини ўраб олган. Бу ҳақда “Коммерсант” хабар берди.
Айтилишича, “Вагнер” жангчилари бинонинг дераза ва эшиклари олдига оғир қуролларни жойлаштирган. Вагнерчилар шаҳардаги муҳим объектларни назорат остига олишга ҳаракат қилмоқда. Хусусий компания раҳбари Евгений Пригожин ҳам штаб-квартирага борган.
“Биз Бош штаб бошлиғи [Валерий Герасимов] ва [Россия мудофаа вазири Сергей] Шойгуни олмоқчимиз. Улар йўқолгунча биз шу ердамиз, Ростов шаҳрини тўсиб, Москвага борамиз”, деган Пригожин.
Пригожиннинг Telegram’даги саҳифасида Жанубий ҳарбий округ штаб-квартираси атрофидаги жойлашувдан лавҳалар ҳам эълон қилинган. Кадрларда Пригожин Вагнер Ростовдаги аэропорт ва бошқа ҳарбий объектларни ҳам назоратга олганини айтган.
Айтиш жоизки, кеча, 23 июнь Пригожин Россия Мудофаа вазирлигини унинг компанияси позицияларига зарба беришда айблаб, 25 минг киши “бу билан шуғулланмоқчи” эканини айтган. Бугун, 24 июнь куни эса у "Вагнер" ҳарбий объектларни назорат қилишини таъкидлаган.
Ўз ўрнида, Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Пригожиннинг сўзларини "ахборот провокацияси" деб атаган ва хусусий ҳарбий компания позицияларига зарба бериш айбловларини рад этган.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати эса жиноий иш қўзғатган. ФХХнинг Жамоатчилик билан алоқалар маркази Евгений Пригожиннинг баёнотларини жиноят ва хиёнат деб баҳолаган ва “Вагнер” жангчиларидан уни ҳибсга олиш чораларини кўришга чақирган.
“Пригожиннинг сўзлари аслида Россия Федерацияси ҳудудида қуролли фуқаролик тўқнашувини бошлашга чақириқ ва россиялик ҳарбий хизматчиларга “орқадан пичоқ уришдир”, дейилади ФХХ баёнотида.
Таҳликали вазият туфайли Россия Федерациясининг бир қатор ҳудудларида чекловлар жорий этилмоқда. Хусусан, Липецк ва Воронеж вилоятларида, шунингдек, Ростов-Донуда оммавий тадбирлар бекор қилинган.
LiveБарчаси
29 Октябрь