Путин Пригожинга суиқасд қилиши мумкин эмас – Лукашенко
Олам
−
25 Август 2023
7321“Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин ҳеч қачон Беларусь раҳбариятидан хавфсизлик кафолатларини сўрамаган. Бу ҳақда Беларусь фуқароси Александр Лукашенко маълум қилди.
"Бу саволга тўғридан-тўғри жавоб берсам, мен Пригожиннинг хавфсизлигини таъминлашим шарт эмас эди. Бу биринчидан. Иккинчидан, ҳеч қачон бундай тусда суҳбат бўлмаган”, деган Александр Лукашенко.
Лукашенконинг сўзларига кўра, хавфсизлик масалалари икки марта муҳокама қилинган. Биринчи марта “Вагнер” жангчиларининг Москва тарафга юриши пайтида Пригожин ва Лукашенко телефонда гаплашганида, иккинчи марта эса Пригожин “Вагнер” қўмондони Дмитрий Уткин билан Лукашенконинг уйига келганида...
Шунингдек, Лукашенко Россия Президенти Владимир Путин “Вагнер” асосчиси самолёти билан содир бўлган воқеа ортида туролмаганини таъкидлаган. Унинг фикрича, ҳозир кўпчилик Евгений Пригожин самолёти билан содир бўлган воқеа учун жавобгарликни Путиннинг зиммасига юклашга уринмоқда. Аммо, сиёсатчига кўра, Россия раҳбарининг бунга мутлақо алоқаси йўқ.
“Буни ким қилганини айта олмайман. Мен ҳатто катта акам учун ҳам адвокат бўлмайман. Лекин мен Путинни биламан. У эҳтиёткор, жуда хотиржам ва ҳатто ювош одам. Шунинг учун мен буни Путин қилганини, у айбдор эканлигини тасаввур қила олмайман”, деган Лукашенко.
Эслатиб ўтамиз, 23 август куни Россиянинг Тверь вилоятида ҳалокатга учраган самолёт бортида “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин ва унинг ҳаммуассиси Дмитрий Уткин бўлгани, бортдаги барча 10 йўловчи ҳалок бўлгани айтилганди. Кеча, 24 август куни Россия Президенти Владимир Путин самолёт ҳалокатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган ва Пригожинни истеъдодли тадбиркор, бироқ тақдири оғир инсон бўлгани ва ҳаётида жиддий хатоларга йўл қўйганини қайд этганди. Ғарб давлатлари етакчилари ва расмийлари эса мазкур ҳалокат ортида Путин турганини истисно қилмаслигини билдирди. Масалан, Еврокомиссия “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожиннинг ўлими ҳақидаги маълумотларнинг ишончлилигига шубҳа қилаётган бўлса, Польша Бош вазири Матеуш Моравеский эндиликда “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси устидан назорат тўғридан-тўғри Путинга ўтишини тахмин қилмоқда.