Президент Жомбойда маҳалла фаоллари билан суҳбатлашди
Жамият
−
10 Февраль 2022
5243Бугун, 10 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги “Тошкент” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди.
“Бу ерда 4 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Ўндан ортиқ дўкон, маиший хизмат шохобчалари, ошхона ва қандолат цехида хотин-қизлар ва ёшлар иш билан банд. Минг ўринли мактаб, мусиқа ва санъат мактаби, 600 ўринли болалар боғчаси бор. Маҳалла гузарида ташкил этилган ўқув масканида шу ерлик ишсиз аёлларга тикувчилик сирлари ўргатиляпти”, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.
Қайд этилишича, жорий этилган мамлакатда маҳаллабай ишлаш бўйича янги тизими асосида, Жомбой туманидаги 38 та маҳаллага ҳам ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари тайинланди. Президент улар билан суҳбатлашди.
Ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари ўзлари масъул маҳалладаги ўрганиш натижалари, муаммоларни ҳал этиш бўйича режаларини сўзлаб берди. Ёрдамга муҳтож оилалар аъзолари касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилиши, ўзини ўзи банд қилиш учун имтиёзли кредит ва субсидия берилиши, деҳқон хўжалиги учун ер майдонлари ажратилиши айтилди.
Бу йил Жомбойда маҳаллабай тизим орқали тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун 62 миллиард сўм имтиёзли кредит ва 4,5 миллиард сўм субсидия ажратиш кўзда тутилган.
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, спортга жалб этиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳам муҳимлиги таъкидланди.