Отабек Муҳаммадзоҳид ва Муниса Ризаева Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонини олди
Маданият-санъат
−
28 Май 14138 2 дақиқа
“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси хонандаси Муниса Ризаева ва Ўзбекистон давлат филармониясининг Фарғона вилояти бўлинмаси хонандаси Отабек Мамазоитов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан мукофотланди. Бу ҳақда бугун, 28 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Маълумот учун, Муниса Ризаева 1986 йил 21 октябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Болалигидан мусиқа ва рақсга қизиқиб келган. Онаси уни машҳур раққоса, Ўзбекистон халқ артисти Малика Аҳмедовага шогирдликка берган. Отаси эса унинг қўшиқчи бўлишини хоҳламаган, аммо у яна бошқа мусиқа курсларига ҳам борган. Мактабда ўқиётган вақтида у оиласи билан Лондонга кўчиб ўтган. Кейинчалик эса Лондон жойлашган Thames Valley университетида мусиқа соҳасида ўқиган. 2010 йилда Ўзбекистонга қайтган Муниса Ризаева 2011 йилдан бошлаб саҳнага чиқишни бошлади. Унинг биринчи муваффақиятли таронаси “Айрилма, ёр” бўлиб, кенг аудитория эътиборини тортди. 2012 йилда илк альбомини тақдим этди. Ризаева “Кўзларим яна”, “Аҳа-оҳо”, “Hollywood”, “Эй само”, “Секин-аста” каби қўшиқлари орқали Ўзбекистон ва қўшни давлатларда машҳурликка эришган. У бир нечта фильмларда ҳам роль ўйнаган. Жумладан, “Ҳай-ҳай қизалоқ” (2012) ва “Салом Наташа” (2014) каби фильмларда бош ролларда намоён бўлган. 2026 йил 28 майда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист фахрий унвони билан тақдирланган.
Отабек Мамазоитов 1974 йилнинг 24 мартида Фарғона вилоятида таваллуд топган. Ёшлигидан мусиқага қизиқиши бўлганлиги сабаб 4 ёшидан доира, аккордеон ва Фарғона шаҳридаги 1-болалар мусиқа ва санъат мактабида рубоб ижро этишни ўрганган. Фарғона давлат университетида Таваккал Қодиров қўлида таҳсил олган. 1995 йилда “Мени унутма” қўшиғи орқали ўз фаолиятини бошлаган. Кейин эса “Беш кунлик дунё”, “Малла соч” қўшиқлари билан танилишни бошлаган. 2014 йил Туркия давлатининг Денизли шаҳрида “Туркча нигоҳ” номли анъанавий халқаро фестивалида иштирок этган. Отабек Мамазоитов зиёлилар оиласида туғилган бўлиб, отасининг исми Мамадали Мамазоитов. Уларнинг оиласида 2 фарзанд бўлиб, унинг синглиси хонанада Гулсанам Мамазоитова. Унинг 3 қизи ва бир ўғли бор.
Эслатиб ўтамиз, ушбу фармон билан Ўзбекистон давлат филармонияси хонандаси Ғиёс Бойтаев, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси хонандаси Рустамжон Ғоипов, Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси раиси, киноактёр Матёқуб Матчонов ва Ўзбек Миллий академик драма театри актрисаси Раъно Ярашева Ўзбекистон Республикаси халқ артисти бўлди.
Live
Барчаси