Президент метронинг Сергели йўналиши декабрь ойи охирида очилишини айтди

Жамият 5006
image

Тошкент метрополитенининг Сергели йўналиши жорий йилнинг декабрь ойи охирида фойдаланишга топширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 4 декабрь куни пойтахт Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида барпо этилган Тошкент металлургия заводининг очилиш маросимидаги нутқида айтиб ўтди.

“Эсларингизда бўлса, биз коронавирус пандемиясидан кучли, қудратли бўлиб чиқамиз, деб мақсад қўйган эдик. Бугун бу мураккаб йил якунига етаётганда айтишимиз мумкинки, барча саъй-ҳаракатларимиз ижобий натижасини беряпти. Кўряпсизлар, дунёда нима бўляптию, Ўзбекистонда нима бўляпти. Худо хоҳласа, шу ойнинг охирида метрополитеннинг Сергели йўналишини ҳам очамиз. Илоҳим, мана шундай яхши кунларимиз кўп бўлсин”, деган Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 ноябрь куни Тошкент метрополитени Чилонзор йўналишининг Олмазор бекатидан янги қурилган Сергели метро линиясининг сўнгги бекатигача тест режимида поезд ҳаракати амалга оширилди. “Ўзбекистон 24” телеканалининг шу куни эфирга узатилган лавҳасида тест режимидаги поезд ҳаракати натижасида пўлат излар тайёр экани тасдиқланган.

Аввалроқ Тошкент шаҳридаги Сергели туманида қурилаётган ер устки метросида темир-бетон конструкция ишлари 100 фоиз бажарилгани ҳақида хабар берилган эди.

Маълумот учун, тумандаги янги “Сергели” ер устки метро линияси “Чоштепа”, “Тошкент халқа йўли”, “Сергели”, “Aфросиёб”, “Қипчоқ” бекатларидан иборат. Маълумотларга кўра, ушбу йўналиш бир кунда 35 минг йўловчига хизмат қилади.

Жорий йилнинг 30 августидан Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида яна 2 та бекат ҳамда ерусти айлана линиясининг бир қисми ишга тушириди. Юнусобод йўналишида “Юнусобод” ва “Туркистон” бекатлари йўловчи ташишни бошлаган бўлса, Ўзбекистондаги илк ерусти метро йўли “Дўстлик-2” бекатидан “Қўйлиқ” бекатигача салкам 12 километр масофада иш бошлади.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 97
Рейтинг: 3.1
t
×