Президент истеъфосини эълон қилди. Парламент зудлик билан янги президент қидиряпти
Олам
−
16 Июль 2022
21900Бугун, 16 июль куни Шри-Ланка парламенти Президент Готабая Ражапаксанинг истеъфога чиққани расман эълон қилинди ва парламентнинг шошилинч мажлиси чақирилди.
“Парламент Бош котиби Президент Готабая Ражапакса Конституциянинг 38-моддаси 1-қисми “б” бандига мувофиқ, 2022 йил 14 июлдан бошлаб президентлик лавозимини тарк этганини маълум қилди”, дейилади парламент хабарида.
Парламент бош котиби Дхаммика Дассанаяке Шри-Ланка президенти лавозими Готабай Ражапакса истеъфога чиққанидан кейин бўшаб қолгани ва давлат раҳбари лавозимига номзодлар 19 июль тақдим этилиши кераклигини айтди.
Бир нечта номзод тақдим этилиши кутилаётганлиги сабабли 20 июль куни парламентда орол давлатининг янги раҳбарини сайлайдиган депутатлар ўртасида овоз бериш ўтказилади. Шу тарзда сайланган Президент ўз лавозимини тарк этган Ражапаксанинг ваколат муддати тугагунча, яъни 2024 йилнинг ноябригача ишлайди.
Ҳозирда президент вазифасини Бош вазир Ранил Викрамасингхе бажармоқда. У ҳам президентликка асосий номзодлардан бири.
Йиғилиш кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида ўтказилмоқда. Полиция парламент мажмуасига олиб борувчи кўчаларни тўсиб қўйган.
Шри-Ланканинг собиқ Президенти Ражапакса 13 июлга ўтар кечаси оммавий норозилик намойишлари фонида мамлакатни тарк этди ва оиласи билан ҳарбий самолётда Мальдив оролларига қочди. 14 июль куни Президент Сингапурга учиб кетди ва у ердан истеъфога чиқиш тўғрисида расмий хат юборди.
Шри-Ланкадаги сиёсий вазият 9 июль куни намойишчилар давлат раҳбари ва Бош вазирнинг қароргоҳини эгаллаб олиши билан кескинлашган. Тартибсизликлар пайтида 100 дан ортиқ одам жароҳатланган.
Шри-Ланкадаги вазият
Шри-Ланкада бир неча ойдан бери нархларнинг кўтарилиши, озиқ-овқат ва ёқилғи етишмаслиги сабаб норозилик намойишлари ўтказилаётганди. Кундалик товарлар кескин қимматлашиб, инфляция даражаси 50 фоиздан кўтарилиб кетганди.
Шунингдек, мамлакатда валюта захиралари деярли тугагани сабабли бошқа давлатлардан товар сотиб олиш учун етарли маблағ қолмаганди. Электр тармоғидаги узилишлар ҳам одатий ҳолга айланиб қолган. Дори-дармон етишмаслиги соғлиқни сақлаш тизимини инқироз ёқасига олиб келган.
Қолаверса, автобус, поезд ва тиббий транспорт каби муҳим хизматлар учун ёқилғи етишмовчилиги жиддий тус олган. Мактаблар ёпилган ва одамлардан ресурсларни тежашга ёрдам бериш учун уйдан ишлашлари сўралган.
Шри-Ланка май ойида ўзига керакли товарларни хориждан харид қила олмагани билан бирга, тарихида биринчи марта ташқи қарзи бўйича тўловни амалга ошира олмай, банкротликка учради.
Маълумотларга кўра, ҳозирда ҳукуматининг 51 миллиард доллардан ортиқ ташқи қарзи бор, унинг 6,5 миллиард доллари Хитойга тўғри келади ва икки давлат қарзни қандай қайтариш бўйича музокаралар олиб бормоқда. G7 давлатлари Шри-Ланканинг қарз тўловларини камайтиришга уринишларини қўллаб-қувватлашини айтган.
Шри-Ланка ҳукумати, шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси билан 3 миллиард доллар ажратиш борасида музокаралар олиб бормоқда.
Жаҳон банки Шри-Ланкага 600 миллион доллар қарз беришга рози бўлган. Бундан ташқари, Ҳиндистон қўшнисига камида 1,9 миллиард доллар кредит таклиф қилган.
LiveБарчаси