Президент бир гуруҳ тадбиркорларга мукофот топширди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, мамлакат тараққиёти ва экспорт салоҳиятини юксалтириш, миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш, инвестициялар жалб қилиш, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, замонавий хизматларни кенгайтириш, янги иш ўринлари ва даромад манбаларини яратишга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ тадбиркорлар давлат мукофотлари билан тақдирланган эди. Бугун, 18 август куни Хивада мазкур мукофотларни топшириш маросими бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Шунингдек, миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик соҳасида илғор тажриба ва анъаналар мактабини яратиш, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш, инновацион технологияларни жорий этишда ибрат кўрсатаётган тадбиркорлар “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонига сазовор бўлган.

Бугун мазкур мукофотларни топшириш маросими ўтказилган.

Президент Шавкат Мирзиёев йиғилганларни “Тадбиркорлар куни” билан самимий табриклаган.

Қайд этилишича, мамлакат ишбилармонлари яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўз ташаббуси, билим ва тажрибаси билан иқтисодиётнинг турли тармоқларида салмоқли натижаларга эришмоқда.

Улар томонидан янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш кенгайтирилмоқда, замонавий хизматлар йўлга қўйилиб, аҳоли учун янги иш ўринлари ва даромад манбалари яратилмоқда.

Айниқса, ўз соҳасида илғор тажриба ва анъаналарни шакллантираётган, изланувчанлиги, креатив ғоя ва ташаббуслари билан бизнесга инновацион технологияларни олиб кираётган тадбиркорлар сафи кенгайиб бораётгани эътироф этилган.

Президент ташаббуси билан шаклланган анъанага мувофиқ, ҳар йили илғор тадбиркорлар мамлакатнинг юксак мукофотлари билан тақдирланиб келмоқда. Жорий йил ҳам номзодларни танлашда ишлаб чиқариш ва экспортни кўпайтириш, инвестиция жалб қилиш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлаш, шунингдек, ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишда аниқ натижа кўрсатаётган тадбиркорларга алоҳида эътибор қаратилган.

Маросимда давлат раҳбари давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширган.

Тақдирланганлар тадбиркорликни доимий қўллаб-қувватлаётгани ва уларнинг меҳнатига кўрсатилаётган юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирган.

Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тадбиркорлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг