“Пойтахт “сариқ” рўйхатда қоладими?” – ҳокимлик муносабат билдирди
Жамият
−
11 Май 2020
14792Бугун, 11 май куни сайтимиз орқали “Тошкентда коронавирусга чалинган 60 дан ортиқ бемор аниқланди. Пойтахт “сариқ” рўйхатда қоладими?” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган эди. Материалда Республика бўйлаб бир кунда COVID-19 инфекциясини юқтириб олган 69 нафар бемор аниқлангани, беморлардан 61 нафари вилоят ва шаҳарлар кесими бўйича пойтахт Тошкентга тўғри келаётгани ҳақида сўз боради.
Ушбу маълумот юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ўз муносабатини билдирди.
Таъкидланишича, бу беморлар Тошкент шаҳри ва вилояти кесимида аниқланмоқда ҳамда бу касалланганлар карантинга олинган ҳудудда ҳамда жорий йилнинг 10 май куни махсус чартер рейс билан Ўзбекистонга чет элдан олиб келинган ватандошлар орасидан аниқланган.
Маълумотда келтирилишича, Республика махсус комиссияси ҳар куни беморлар ва карантинга олинган аҳоли ҳолати ва саломатлигини назорат ҳамда таҳлил қилиб бормоқда. Ушбу таҳлиллар натижасида ҳудудларнинг карантин тоифаларини белгилаш ҳақида хулоса чиқарилади ва жамоатчиликка эълон қилинади.
Маълумот ўрнида, Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 8 майдаги йиғилиши баёнига мувофиқ, Республикада коронавирус инфекцияси тарқалиш ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлили, касаллик аниқланган беморларнинг даволаниш (соғайиш) динамикаси ҳолатидан келиб чиққан ҳолда республика ҳудудлари жорий йилнинг 11 майидан эътиборан туман ва шаҳарлар даражасида тоифаларга ажратилди.
“Сариқ” ва “Қизил” тоифадаги вилоятларда коронавирус инфекцияси умуман аниқланмаган туманлар (шаҳарлар) “Яшил” тоифага киритилади;
“Яшил” ёки “Сариқ” тоифадаги вилоятнинг бирор-бир туманида (шаҳрида) коронавирус инфекцияси аниқланадиган бўлса, бутун вилоятнинг тоифасини ўзгартирмаган ҳолда тегишли туманнинг (шаҳарнинг) ўзи “Қизил” тоифага ўтказилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, пойтахт Тошкент “сариқ” тоифага киритилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь