Португалиялик футболчи келажакда ўз мусиқа мактабини очмоқчи
Спорт
−
29 Апрель 2023
4150“Милан” клуби ҳужумчиси Рафаэль Леаунинг мусиқага қизиқиши ва ҳатто кўплаб мусиқалар басталагани маълум бўлди. Бу ҳақда футболчи “Rolling Stone” журналига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Португалиялик хавбек жамоасидаги футболчиларнинг бу ҳолатга қандай муносабатда бўлганини ҳам таъкидлади.
“Болалигимда уйимизда доим мусиқа янграрди. Амаким дижжей бўлган, отам эса қўшиқ айтиб турарди. Атрофимдаги ҳамма нарса мусиқа билан боғлиқ эди. Мусиқага қизиқишим ўша пайтдан бошланган. Мен кўпинча ҳип-ҳоп тинглардим. Болалигимда жуда уятчан бўлганман. Кейин мусиқа менга ўз ҳиссиётларимни ифодалашга ёрдам беради деган фикрга келганман. Ҳар доим ҳам ҳис-туйғуларимни намойиш этолмаганман. Лекин мусиқа менга анча ёрдам берган. Шундан сўнг менда мусиқага муҳаббат уйғонди”, дейди Леау.
Шунингдек, футболчи келажакда ўз мусиқа мактабини яратмоқчи эканлигини маълум қилди.
“Менежерим Леандро ёрдамида мусиқа мактаби очмоқчиман. У ерга кўплаб тажрибали мусиқачиларни, бастакорларни олиб келмоқчиман. Португалияда жуда кўп қобилиятли болалар бор. Лекин улар моддий имкониятлар туфайли студияда машқ қила олмайди, мусиқалар яратолмайди. Мен уларга шунақа имкониятни яратиб бераман”, дея қўшимча қилди футболчи.
Маълум бўлишича, Леау “Милан” кийиниш хонасида жамоадошларига ўз ижод намуналарини эшиттирган. Унинг мусиқалари ҳаммада ҳар хил таассурот қолдирган.
“Ҳа, футболчилар ижодий ишларимни эшитди. Баъзилар кулди, аммо кўпчилик бу ишимни қўллаб-қувватлади. Кулганлар орасида Златан Ибрагимович ҳам бор эди. У менга: “Бу ишинг ўрнига футбол билан шуғуллансанг бўлмайдими? Бу сенга ҳеч нарса бермайди”, деб маслаҳат берди. Қолган жамоадошларим ўз устимда қаттиқроқ ишлашимни, ҳаракатдан тўхтамаслигимни айтди”, деди у.
Рафаэль мусиқага бўлган чинакам иштиёқига қарамай, ҳаётида футболни биринчи ўринга қўяди.
“Агар танлашим керак бўлса, мен албатта футболни танлаган бўлардим! Футбол менга ҳамма нарсани берди ва мен уни яхши кўраман”, дея фикр билдирди Леау.