Полиция томонидан ўлдирилган Флойднинг оиласи катта миқдорда товон пули олади 

Олам 7173
image
-

АҚШнинг Миннесота штатидаги Миннеаполис шаҳри расмийлари ўтган йили ҳибсга олиш пайтида полиция томонидан ўлдирилган афроамерикалик Жорж Флойднинг оиласига 27 миллион доллар тўлайди. Бу ҳақда "Associated Press" хабар берган. 

Шаҳар расмийлари Флойдлар оиласининг даъвосини суддан ташқарида ҳал қилишга рози бўлган. 

Суд даъвосида оила зобитлар Флойдни ушлаб турганда унинг ҳуқуқларини бузгани ва полициянинг "ҳаддан ташқари куч ишлатиш, ирқчилик" масалаларида гуллаб-яшнашига шаҳарнинг йўл қўйиб қўйганини таъкидлаган. 

Маълумот ўрнида, ўтган йил 25 май куни Миннеаполисда 46 ёшли америкалик Жорж Флойд полиция томонидан ўлдирилган. Интернетда полициячи Флойднинг бўйнига тиззасини босган ва у нафас ололмаётганини такрорлаган видеоролик кўплаб америкаликларнинг ғазабига сабаб бўлган. Полиция шафқатсизлигига қарши норозилик намойишлари Миннеаполисни, кейин Американинг бошқа шаҳарларини қамраб олган ва ҳатто АҚШ ташқарисига ҳам тарқалган. Бир қатор шаҳарларда норозилик намойишлари тартибсизликларга, бузғунчилик ҳаракатларига, дўконларни ёқиш ва талон-торож қилишга, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан тўқнашувларга олиб келган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 219
Рейтинг: 3
Теглар
t
×