Польша Санкт-Петербургдаги бош консулхонасини ёпди (видео)
Олам
−
08 Январь
1563Польшанинг Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган бош консулхонаси ўз фаолиятини тўхтатди. Бу ҳақда Польша Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
“Бугун, 8 январь куни Польшанинг Россиядаги элчиси Кшиштоф Краевский иштирокида республика бош консулхонасининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу жойни қийин шароитда ўз миссияси деб билган барча Польша дипломатларига миннатдорлик билдирамиз. Санкт-Петербургдаги Польша бош консуллигида хизмат қилган барча бош консуллар, Польша институти раҳбарлари, консуллик ва институт ходимларига, хусусан, сўнгги уч йил давомида Украина урушидан кейинги шароитда фидойилик билан хизмат қилганларга раҳмат. Санкт-Петербургдаги барча польяклар ва Польша диаспорасидан миннатдормиз ”, дейилади вазирлик хабарида.
Маълумотларга кўра, Санкт-Петербургда жойлашган консуллик биносидан Польша ва Европа Иттифоқи байроқлари олиб ташланган. Шунингдек, 5-Советская кўчасидаги бинонинг фасадидан бош консулхона ёзуви демонтаж қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 5 декабрь куни Россия ТИВ Польшага нота йўллаб, Санкт-Петербургдаги Польша бош консулхонаси фаолиятини 2025 йил 10 январгача тўхтатиши кераклигини билдирган эди. Ушбу қарор Польшанинг 2024 йил 22 октябрь куни Познанда жойлашган Россия бош консулхонасини ёпиш тўғрисида қабул қилган қарорига жавоб сифатида қабул қилинган.
LiveБарчаси