Польша раҳбари чегарадаги вазият туфайли сафарини бекор қилди
Олам
−
08 Август 2023
5303Польша Президенти Анжей Дуда Корея Республикасида бўлиб ўтадиган Jamboree World Scouts йиғинига бормайдиган бўлди. Бу ҳақда ҳукуматдаги манбасига таяниб, “The Dong-a Ilbo” газетаси хабар берди.
"Президент Дуданинг Жанубий Кореяга ташрифи айни дамда бекор қилинди. Бу қарорга Беларусь ҳарбий вертолётларининг Польша ҳаво ҳудудига бостириб кириши муносабати билан кучайиб бораётган кескинлик таъсир кўрсатди", деган ҳукуматдаги манба.
Унинг қўшимча қилишича, Дуданинг бундай қарорига яна бир сабаб “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясининг Беларусга кўчирилиши муносабати билан юзага келган “жиддийлашган қарама-қаршилик”дир.
Бундан ташқари, бугун, 8 август куни Жанубий Корея ҳукумати Корея ярим оролига 10 августда тушиши кутилаётган “Канун” тўфони сабабли Чолла-Пукто провинциясидаги лагердан Жамбори скаутларининг барча иштирокчиларини олиб чиқишни бошлаган.
Айтилишича, скаутларнинг кейинги глобал йиғини 2027 йилда Польшада бўлиб ўтади.
Маълумот учун, Президент Дуда Жанубий Кореяга сафари давомида ҳарбий-саноат комплекси корхоналарига ҳам ташриф буюришни режалаштирган эди. Чунки Варшава ва Сеул 2022 йилда Жанубий Корея қуролларини кенг миқёсда етказиб бериш бўйича келишиб олган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 август куни Польша Беларуснинг икки ҳарбий вертолёти мамлакат ҳаво чегарасини бузганини маълум қилганди. Шу куни республика мудофаа вазири Мариуш Блашак Беларусь билан чегарада ҳарбий хизматчилар сонини кўпайтириш ва жанговар вертолётлар орқали хавфсизликни кучайтиришни буюрди. Белорусь Мудофаа вазирлиги эса Польша чегарасини бузиш ҳақидаги айбловларни ғалати деб атади. Расмий Минскка кўра, бундай айбловлар Польша ҳарбий-сиёсий раҳбарияти томонидан Беларусь чегараси яқинида кучлар ва активлар тўпланишини оқлаш учун илгари сурилган.
LiveБарчаси