Покистондаги жазирама иссиқда 600 га яқин одам ҳалок бўлди
Олам
−
28 Июнь
4755Покистондаги жазирама иссиқ об-ҳаво шароити оқибатида минглаб одамлар шифохонага ётқизилди, 600 га яқин киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Айниқса, мамлакатнинг энг йирик шаҳри Карачида қурбонлар сони кўп қайд этилган. Шаҳардаги ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошган. Лекин юқори намлик туфайли иссиқлик 49-50 даражани кўрсатмоқда. Мамлакатдаги энг йирик тез ёрдам хизматини олиб борадиган “Edhi” жамғармаси раҳбари Фейсал Эдхийнинг айтишича, ташкилотга тегишли тез ёрдам машиналари ҳафта бошидан бери жазирама қурбонларининг жасадларини ташимоқда. Одатда Карачи шаҳар жасадларни сақлаш манзилига ҳар куни 30-40 жасад олиб келинади. Аммо сўнгги олти кун ичида бу рақам 568 тага етган. Биргина 25 июнь куни 141 та жасад келтирилган. Жамғарма раҳбари уларнинг аксарияти аҳолиси қашшоқ туманлардан келганини маълум қилган.
Жамғарманинг Карачидаги учта жасад сақлаш биноси жами 264 та жасадни сиғдира олади ва уларнинг барчаси имкон қадар тўлдирилган.
“Биз учта жасадни битта токчада сақлашга мажбурмиз. 22 та жасадни зудлик билан кўмишга мажбур бўлдик ва жой бўшатиш учун уларни одатдагидан анча яқин қилиб жойладик. Шаҳардаги барча жасад сақлаш манзиллари, ҳатто масжидлар ҳам жой етишмаслигига дуч келмоқда”, дейди Фейсал Эдхий.
Келтирилишича, уларнинг барчаси ҳам иссиқ уришдан вафот этганлигини аниқ айтиш имконсиз. Лекин юқори ҳарорат, албатта, ўлим сабабларидан биридир.
“Шифохонага келганларнинг аксарияти 60-70 ёшдагилар эди. Баъзилари 45 ёшда, ҳатто 20 ёшдагилар ҳам бор. Биз уларга имкон қадар кўпроқ сув ичишни, юқори ҳароратда енгил кийим кийишни маслаҳат бердик”, деган Эдхий BBC'га берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистонда жазирама иссиқ туфайли 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси