Покистондаги масжидда бомба портлади. 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлди (видео)
Олам
−
06 Февраль 3512 1 дақиқа
Бугун, 6 февраль куни Покистоннинг Исломобод шаҳридаги масжидда портлаш содир бўлди. Бу ҳақда “Times of Islamabad” хабар берди.
Маълум бўлишича, Исломободнинг Тарлаи Калон ҳудудидаги Имом Баргаҳ Қаср-э-Хадижатул Кубра масжидида кучли портлаш содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, худкуш террорчи тушдан кейин масжиднинг асосий дарвозасида портловчи моддаларни портлатган. У кириш эшиги олдида қўриқчилар томонидан тўхтатилганига қарамай ичкарига киришга ҳаракат қилган. Портлаш масжид дарвоза конструкциясига жиддий зарар етказган, яқин атрофдаги биноларнинг деразаларини синдирган.
“Мамлакат пойтахтида жума намози вақтида масжидда юз берган портлаш оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлди, 169 киши жароҳат олди”, дейди туман маъмурияти вакили Dawn нашрига.
Айни пайтда қутқарув ва қидирув ишлари бошланган. Жароҳатланганлар Покистон Тиббиёт фанлари институти ва яқин атрофдаги бошқа шифохоналарга кўчирилмоқда. Полиция бутун ҳудудни ўраб олган ва суд-тиббий далилларни тўплашни бошлаган. Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олгани йўқ.
Маълумот учун, Исломободда 2025 йил ноябрь ойида туман судлари мажмуаси ташқарисида содир этилган худкушлик ҳужуми оқибатида 12 киши ҳалок бўлганди.
Жавоҳир Алиқулов
Live
Барчаси