Покистонда журналистлар умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Олам

image

Покистон суди бир неча журналистлар ва ижтимоий тармоқ фаолларини 2023 йилда Покистон собиқ бош вазир Имрон Хоннинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ тартибсизликлар чоғида зўравонлик қўзғатганликда айблаб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.

Терроризмга қарши кураш судининг судьяси Тоҳир Аббос Сипра Исломободда суд жараёнларини якунлаб, суд ҳукмини эълон қилган. Айбдор деб топилганлар орасида Покистон собиқ армия зобитлигидан блогерликка ўтган Одил Ража ва Саид Акбар Ҳусайн, журналистлар – Важаҳат Саид Хон, Собир Шокир ва Шоҳин Сеҳбай, шарҳловчи Ҳайдар Ризо Меҳди ҳамда таҳлилчи Моид Пирзодалар бор.

Қайд этилишича, айбланувчиларнинг ҳеч бири судда иштирок этмаган. Бунинг сабаби улар ҳибсдан қочиш учун Покистондан чиқиб, сўнги йилларда хорижда яшаб келмоқда.

Маълум бўлишича, журналистлар ва ижтимоий тармоқ фаолларига қўйилган айбловлар 2023 йил май ойидаги тартибсизликлардан сўнг қўзғатилган ишлар билан боғлиқ.  Ўша вақтда Хоннинг коррупция иши бўйича қисқа муддатли ҳибсга олинишига жавобан, унинг баъзи тарафдорлари ҳарбий объектлар ва давлат мулкига ҳужум қилган. Ўша воқеадан сўнг, Покистон ҳукумати ва ҳарбийлари собиқ бош вазирнинг тарафдорларига нисбатан тазйиқларни бошлаган.

2023 йилда журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ушбу тергов танқидий хабарларга қарши қасос эканлигини айтган.

“Ҳокимият бу терговларни зудлик билан тўхтатиши ва оммавий ахборот воситаларига нисбатан тинимсиз қўрқитиш ва цензурани тўхтатиши керак”, дейди журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Осиёдаги координатори.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 20 декабрь куни Покистон суди мамлакат собиқ бош вазири Имрон Хон ва унинг рафиқаси Бушра Бибини коррупция иши бўйича 17 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган эди. Имрон Хон бу вақтда аллақачон бошқа айблов билан қамоқ жазосини ўтаётганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Покистон журналистлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг