Покистонда юзлаб одамлар ёмғир ва сув тошқинлари қурбони бўлди
Олам
−
26 Июль 2022
5405Июнь ойи ўрталаридан буён Покистонда кузатилаётган муссон ёмғирлари ва улар сабаб юзага келган сув тошқинлари оқибатида 312 киши қурбон бўлди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 25 июль куни тўхтовсиз ёғаётган ёмғир 11 нафар аҳолининг ҳаётига зомин бўлган. Синд провинциясидаги ҳаёт фалажланган. Карачи ва Ҳайдаробод шаҳрига кунига 204 мм ёғин тушган.
Оқибатда, Карачида электр энергиясининг узоқ муддат узилиши, ичимлик суви етишмаслиги ва ёмон об-ҳаводан жабр кўрган аҳолига Ҳукумат томонидан ёрдам кўрсатилмаганига қарши норозилик намойишлари бошланган.
Исломобод ва Равалпинди шаҳрида бир қанча ҳудудларни, хусусан халқаро аэропорт жойлашган ҳудуднинг бир қисмини сув босган, оқибатда парвозлар тўхтаб қолган. Сув тошқинлари туфайли Исломободни мамлакатнинг қолган қисми билан боғловчи автомобиль йўлининг айрим қисмларида транспорт ҳаракати тўсиб қўйилган.
Балужистонда сел Кветта-Карачи автомагистралидаги кўприкларни ювган, бу йўлда ҳаракат 10 соатга тўхтатилган. Расмийлар Хаб дарёси атрофидаги ўнлаб қишлоқлар аҳолисини эвакуация қилмоқда.
Покистон Ҳукумати сув тошқинидан жабр кўрган аҳолига шошилинч ёрдам кўрсатиш учун қуролли кучларни шай ҳолатга келтирган.
LiveБарчаси