Покистонда полиция қароқчилар ҳужумига учради
Олам
−
23 Август
2475Шарқий Покистоннинг Панжоб вилояти Кача шаҳрида гранаталар билан қуролланган шахслар полиция карвонига пистирма уюштирди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Ҳудудда фаолият юритувчи қароқчиларни қидириб, патруллик қилаётган зобитлар пистирмага учраган. Полициянинг айтишича, қуролланганлар қуролли гуруҳ аъзолари эмас, балки қароқчилар бўлган.
Панжобдаги бош инспектор идорасига кўра, қароқчилар полиция карвонидаги машиналардан бири хўжалик даласида тўпланган ёмғир сувидан ўтаётганда бузилиб қолганидан сўнг ракета отиш мосламалари билан ҳужум қилган. Оқибатда 11 нафар полициячи ҳалок бўлган, 7 нафари жароҳат олган.
Бош вазир Шаҳбоз Шариф баёнот бериб, айбдорларга қарши “зудлик билан ва самарали чоралар кўриш”га чақирди. Содир этилган ҳужум учун жавобгарликни ҳеч ким ўз зиммасига олмаяпти.
Маълумот учун, Кача шаҳри юзлаб полициядан қочган, оғир қуролланган қароқчилар ва уларнинг Ҳинд дарёси бўйидаги бошпаналари билан машҳур.
Хавфсизлик кучлари жанубдаги Панжоб ва Синд провинциясида қароқчиларга қарши тез-тез амалиётлар олиб боради. Улар қишлоқда, ўрмонли жойларда яшириниб, тўлов эвазига пул топиш учун баъзан одам ўғирлаш билан шуғулланади. Улар, шунингдек, сўнгги ойлардаги ҳужумларда бир неча полициячини ўлдирган.
Покистонда сўнгги йилларда қуролли гуруҳлар ҳужумлари кўпайди, бироқ бир ҳужумда полиция қурбонлари сони бу қадар кўп бўлиши камдан кам учрайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Покистонда мактаб фургони ўққа тутилган эди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15