Покистон ва Афғонистон вақтинчалик оташкесимга келишди
Олам
−
16 Октябрь 2025 2916 4 дақиқа
Покистон ва Афғонистон кеча, 15 октябрь куни ҳаво ҳужумлари ва қуруқликдаги тўқнашувлар кескинлашганидан сўнг, Жанубий Осиёдаги бу қўшни давлатлар орасидаги таранглик кучайиб, ўндан ортиқ фуқаро ҳалок бўлгани ва 100 га яқин киши яралангандан кейин вақтинча оташкесим тўғрисида келишиб олди. Бу ҳақда Покистон ташқи ишлар вазирлигига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Ўтган ҳафта охирида можароли ва баҳсли чегара ҳудудида содир бўлган тўқнашувларда ўнлаб одамларнинг ҳалок бўлиши заиф тинчликни парчалаб ташлади – бу 2021 йилда “Толибон” Қобулда ҳокимиятга келганидан бери икки давлат ўртасидаги энг даҳшатли тўқнашув ҳисобланади.
Илгаридан бир-бирига дўст бўлган бу давлатлар орасидаги сўнгги кескинлик Покистоннинг Афғонистондаги “Толибон” маъмуриятидан Покистонга ҳужумларни кучайтирган жангари гуруҳларни тийишни талаб қилганидан кейин бошланди. Покистонга кўра, бу гуруҳлар Афғонистон ҳудудидаги хавфсиз паноҳгоҳлардан фойдаланмоқда.
“Толибон” эса бу айбловларни рад этмоқда ва Покистон армиясини Афғонистон ҳақида нотўғри маълумот тарқатишда, чегарада таранглик келтириб чиқаришда ва мамлакат барқарорлиги ҳамда суверенитетини издан чиқариш мақсадида ИШИД билан боғлиқ жангариларга паноҳ берётганликда айбламоқда. Покистон армияси эса бу даъволарни инкор этади.
Оташкесим даврида инқирозни юмшатиш мақсади
Покистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, икки мамлакат 15 октябрь куни соат 13:00 дан бошлаб 48 соатлик “вақтинча оташкесим”ни амалга оширади. Баёнотга кўра, ушбу оташкесим Қобулнинг сўровига биноан жорий этилган.
Афғонистондаги “Толибон” маъмуриятининг сўзловчиси Забиҳулла Мужоҳид эса оташкесим “Покистон томонининг қатъий талабига” кўра амалга оширилаётганини билдирди. Унинг айтишича, Қобул ўз кучларига оташкесимга риоя қилишни буюрган, бироқ бу фақат қарши томон ҳужум қилмаган тақдирдагина амал қилади.
15 октябрь куни эрталаб Покистон Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятида ҳаво ҳужуми уюштириб, Спин Болдак шаҳрини нишонга олгани икки давлат расмийлари томонидан тасдиқланди. Покистон хавфсизлик расмийларига кўра, бу ҳаво ҳужуми “Толибон” қўшинларининг бир бригадасига қаратилган бўлиб, ўнлаб одамлар ҳалок бўлгани айтилган, аммо бу даъво мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.
Афғонистон мудофаа вазирлиги сўзловчиси Иноятуллоҳ Ховаразмийнинг таъкидлашича, Спин Болдакнинг аҳоли яшайдиган ҳудудлари зарбага учраган. Расмийларга кўра, Покистон Қобулда ҳам яна бир ҳаво ҳужуми амалга оширган. Бироқ Қобулдаги зарба нимани нишонга олгани аниқ эмас.
Қобулдаги уруш қурбонлари учун мўлжалланган EMERGENCY жарроҳлик маркази 40 нафар жабрланувчини қабул қилганини, шу жумладан, 5 нафар марҳум борлигини маълум қилди.
“Бизга яраланганлар билан тўлган тез ёрдам машиналари кела бошлади ва шунда госпиталимиздан бир неча километр нарида портлашлар бўлганини билдик”, деди EMERGENCY ташкилотининг Афғонистон бўйича бошқарувчиси Деян Панич.
Қуруқликдаги ҳужумлар бўйича айбловлар
Ҳар икки томон ҳам бир-бирини қуруқликдаги ҳужумларни бошлаганликда айблади.
Афғонистондаги “Толибон” маъмуриятининг маълум қилишича, Покистон кучлари Спин Болдакка ҳужум қилганида уларнинг ўндан ортиқ фуқароси ҳалок бўлган ва 100 нафар киши яраланган.
Покистон эса бу ҳужумларни амалга оширганини инкор этди ва чегаранинг нариги томонидаги Спин Болдакка туташ Чаман туманида “Толибон кучлари” томонидан қилинган ҳужумларда тўрт нафар покистонлик фуқаро яраланганини билдирди.
Қўшни мамлакатлар дам олиш кунлари бошланган тўқнашувлардан бери чегара бўйлаб жойлашган бир неча ўтиш нуқталарини ёпиб қўйган. Бу эса савдо тармоғини тўхтатиб, юкларга тўла бўлган юзлаб машиналарни чегарада тўхтаб қолишига сабабчи бўлган.
Покистон қуруқликда жойлашган Афғонистон учун асосий озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар манбаларидан бири ҳисобланади.
Хитой, Россия ва АҚШ тўқнашувлардан ташвиш билдирди
Ўтган ҳафтадаги тўқнашувлар халқаро хавотир уйғотди. Хитой ўз фуқаролари ва инвестицияларини ҳимоя қилишга чақирди, Россия эса томонларни сабр-тоқатга чорлади. АҚШ Президенти Дональд Трамп эса можарони тугатишга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Сўнгги тўқнашувлар “Толибон” муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий Покистоннинг асосий рақиби ҳисобланган Ҳиндистонга илк ташриф буюрган пайтга тўғри келди. Ташриф давомида Ҳиндистон Қобулдаги элчихонасини қайта очиши, “Толибон” эса ўз дипломатларини Нью-Деҳлига юбориши маълум бўлди.
Live
Барчаси