Покистон Ҳиндистон билан Кашмир борасида музокара ўтказмоқчи
Олам
−
17 Январь 2023
5389Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳиндистонлик ҳамкасби Нарендра Модини мунозарали масалалар, жумладан, Кашмир минтақаси бўйича музокаралар олиб боришга чақирди. Бу ҳақда “Associated Press” ахборот агентлиги хабар берди.
“Ҳиндистон раҳбарияти ва Бош вазир Нарендра Модига мурожаатим шуки, келинг, музокаралар столига ўтириб, Кашмир каби долзарб муаммоларни ҳал қилиш учун жиддий ва самимий суҳбат қурайлик”, деди Шаҳбоз Шариф ўз чиқишида.
Хусусан, у расмий Исломобод Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги қисмида яшовчи озчилик аҳволидан, шунингдек, минтақада 2019 йилда амалга ошириладиган маъмурий ислоҳотдан хавотирда эканини таъкидлаган. Сиёсатчи Покистон ва Ҳиндистон ҳамиша қўшни бўлиб қолишини, шунинг учун ҳам ҳар икки давлатнинг иқтисодий фаровонлиги йўлида тинч-тотув яшаши кераклигини айтган.
“Тинчликда яшаш ва олдинга бориш ёки бир-биримиз билан жанжаллашиб, вақт ва ресурсларни йўқотиш – бу ўзимизга боғлиқ. Биз Ҳиндистон билан уч марта уруш қилдик ва бу одамларга фақат азоб-уқубат, қашшоқлик ва ишсизлик олиб келди. Биз сабоқ олдик ва эндиликда ҳақиқий муаммоларимизни ҳал қилишни хоҳлаймиз. Ресурсларни бомба ва қуролларга исроф қилиш эмас, балки фаровонликка эришиш учун одамларимизни таълим, соғлиқни сақлаш хизматлари ҳамда иш билан таъминлашга сарфлашимиз лозим. Менинг бош вазир Модига мурожаатим шу”, деди Шариф.
Маълумот учун, Ҳиндистон-Покистон можароси узоқ йиллик тарихга эга бўлиб, давлатлар орасида 1947, 1965, 1971, 1999 йилларда қонли урушлар бўлган. Уларда 26 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган. Ҳозиргача чегара яқинларида бўлиб келаётган ҳарбийлар тўқнашувлари ҳам маҳаллий аҳолига катта хавф туғдирмоқда.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси