Погбанинг кетиши МЮга таъсир қилмайди – “Сариқ шаҳзода”

Спорт 1488
image

“Манчестер Юнайтед” собиқ футболчиси Пол Скоулз “Ливерпуль”дан учралган мағлубиятдан сўнг (0:5), жамоа ярим ҳимоячиси Поль Погбани танқид қилди. Франциялик футболчи заҳирадан ўйинга қўшилганидан сўнг, 14 дақиқа ўтиб, қизил карточка ишлаб олди.

“Погба танаффусдан сўнг, жамоага ёрдам бериш учун майдонга тушди ва ярим ҳимояда қанчалик муҳим футболчи эканини кўрсатишга ҳаракат қилди. Бироқ, унинг ўрнига рақибга гол совға қилиб юборди. Бироздан сўнг, оддий вазиятда кулгили тарзда майдондан четлатилди. Қизиқ: агар Сульшер жамоани бошқаришда давом этса, Погбани яна МЮ либосида кўрамизми? Сўнгги йилларда у жамоада тартибсизликларни келтириб чиқарди. Унинг нақадар иқтидорли эканлигини ҳамма билади, ҳар бир мураббий унга ишонади. Атрофидаги шов-шувларга қарамай, Погба янги шартнома имзоламади, лекин жамоадан юқори маош талаб қиляпти. Бу Оленинг айби эмас. Менимча, Погба ўйнамаса ҳам, “Манчестер Юнайтед” ҳеч нарса йўқотмайди. Полнинг қилган иши интизомнинг етишмаслиги ҳамда мураббийи ва жамоадошларига нисбатан ҳурматсизлик эди”.

Эслатиб ўтамиз, Оле-Гуннар Сульшер шогирдлари Англия Премьер лигасининг 9-тур учрашувида “Ливерпуль”га йирик 0:5 ҳисобида мағлуб бўлди. Ушбу баҳсда Наби Кейта ва Диого Жота биттадан гол урган бўлса, Муҳаммад Салоҳ хет-трик қайд этди.

Маълумот учун, Поль Скоулз Англия премьер лигасида 499 ўйинда майдонга тушган ва 107 та гол уриб, 55 та голли узатмани амалга оширган. Фаолияти давомида 11 марта АПЛ ва 2 марта UEFA чемпионлар лигасида ғалаба қозонган.
 

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 23
Рейтинг: 3
t
×