Погба клубсиз қолди

Спорт

image

“Монако”нинг франциялик ярим ҳимоячиси Поль Погба ўзаро келишувга кўра жамоаси билан шартномани бекор қилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Погба “Монако” билан 2025 йил июнь ойида шартнома имзолаган ва келишув 2027 йил 30 июнгача амал қилиши белгиланган эди.

“Клуб 2018 йилги Жаҳон чемпионати ғолибига бизга билдирган ишончи ва “Монако”даги фаолияти давомида намойиш этган юқори даражадаги профессионаллиги учун чуқур миннатдорлик билдиради”, дейилади клуб баёнотида.

Погба ҳам клуб билан хайрлашар экан, жамоа раҳбарияти, ҳамюрлари, ходимлар ва мухлисларга миннатдорлик билдирган.

“Президент ва раҳбариятга, жамоадошларимга, барча ходимларга ҳамда менга ишонган мухлисларга миннатдорлик билдирмоқчиман. Ушбу клуб ва Князлик шарафини ҳимоя қилиш мен учун ажойиб тажриба бўлди”, дейди Погба.

Маълумот учун, 33 ёшли Погба “Монако” сафида атиги 6 та учрашувда майдонга тушди. У 2018 йилги Жаҳон чемпионати ғолиби, шунингдек, 2016 йилги Европа чемпионатида кумуш медаль соҳиби ҳисобланади. Фаолияти давомида Погба Италиянинг “Ювентус” ва Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клубларида тўп тепган. У “Манчестер Юнайтед” билан 2017 йилда Европа лигасида ғолиб чиққан.

Франциялик футболчи “Ювентус” билан тўрт марта Италия чемпиони бўлган, уч марта Италия Суперкубоги ва икки марта Италия Кубогини қўлга киритган.

2024 йил февраль ойида Погба допингга қарши қоидаларни бузгани учун тўрт йилга футболдан четлатилган эди. Бироқ ўша йил октябрь ойида Спорт арбитраж суди дисквалификация муддатини 18 ойга қисқартирди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг