ПКК Туркия билан сулҳ эълон қилди
Олам
−
03 Март 8370 2 дақиқа
Туркияда тақиқланган Курдистон ишчилар партияси (ПКК) террор ташкилоти ўз етакчиси Абдулла Ўжалоннинг чақириғига жавобан Анқара билан сулҳ эълон қилди. Бу ҳақда AHaber телеканали хабар берди.
Олдинроқ ҳозирда Туркия қамоқхонасида сақланаётган Абдулла Ўжалон Туркияга қарши 40 йилдан ортиқ давом этган қуролли курашни тўхтатишга ва ташкилотни тарқатиб юборишга чақирган эди.
“Биз ПКК (Курдистон ишчилар партияси) ушбу чақириқ мазмунини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва унинг талаблари бажарилиши ва унга риоя этилишини таъминлашни маълум қиламиз. Бугундан бошлаб кучга кирадиган ўт очишни тўхтатиш қарорини эълон қиламиз”, дейилади Туркия, Европа Иттифоқи ва АҚШ томонидан террорчи ташкилот деб тан олинган партиянинг ижроия қўмитаси расмий баёнотида.
Курдистон ишчилар партиясининг таъкидлашича, агар уларга ҳужум қилинса, сулҳ амал қилмайди. Шунингдек, қуролсизланиш фақат Абдулла Ўжалон раҳбарлигида амалга оширилиши мумкинлиги айтилиб, Туркия ҳукумати томонидан унинг озод этилишига умид билдирилган. Бундан ташқари, ПКК ўз баёнотида партияни тарқатиб юбориш учун қурултой чақиришга тайёр эканини ҳам қўшимча қилган.
Маълумот учун, Курдистон ишчилар партияси 1984 йил 15 августдан бошлаб Туркия ҳукуматига қарши қуролли урушни бошлаган. У 1978 йил 27 ноябрда чап социалистик партия сифатида ташкил этилган. Унинг тарафдорлари Абдулла Ўжалонни олий етакчи ва мафкуравий илҳомлантирувчи деб билишади.
Туркия, АҚШ, Европа Иттифоқи ва айрим бошқа давлатлар ПККни террорчи ташкилот деб тан олган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили октябрь ойида Анқарада Туркиянинг ҳарбий самолётлар ва космик ускуналар ишлаб чиқарувчи “TUSAŞ” корпорацияси биноси яқинида теракт содир бўлган эди. Ҳодиса оқибатида беш киши ҳалок бўлган, 22 киши жароҳатланган. Кейинроқ, терактни содир этган ва йўқ қилинган жангарилар Курдистон ишчилар партияси аъзоси экани маълум бўлди.
Live
Барчаси