Анқарадаги терактни уюштирганларнинг шахси аниқланди

Олам

image

Мутахассислар Анқарада терактни содир этган ва йўқ қилинган жангариларнинг шахсини аниқлади. Бу ҳақда Туркия Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя ўзининг Х'даги саҳифасида маълум қилди.

Ерлиқояга кўра, террорчилар “Курдистон ишчилар партияси” (Туркияда тақиқланган террористик ташкилот) аъзоси экани маълум бўлган.

“Биз TUSAŞ’га ҳужум қилган ва йўқ қилинган террорчининг шахсини аниқладик. Хоин “Курдистон ишчилар партияси” аъзоси Али Ўрек бўлиб чиқди. У "Рожгер" лақабида танилган”, деб ёзади Ерлиқоя.

Ҳужумни амалга оширган яна бир шахс ҳам ушбу террористик ташкилоти аъзоси Мине Севжин Алчичек исмли аёл экани аниқланган. 

Маълумот учун, Туркияда “Курдистон ишчилар партияси” билан қуролли тўқнашув 1984 йилда  бошланган. Уларнинг базалари Ироқ шимолида жойлашган бўлиб, Туркия қуролли кучлари уларга қарши ҳаво ва ер усти операцияларини ўтказиб келади. Жумладан, Туркия Мудофаа вазирлиги бугун, 24 октябрь куни Туркия ҳаво кучлари Сурия ва Ироқ шимолида 47 та террористик нишонни ва “Курдистон ишчилар партияси”нинг кўплаб жангариларини йўқ қилганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 октябрь куни Анқарада Туркиянинг ҳарбий самолётлар ва космик ускуналар ишлаб чиқарувчи “TUSAŞ” корпорацияси биноси яқинида теракт содир бўлган эди. Терактни уюштирган икки нафар террорчи ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан йўқ қилинган.  Анқара Бош прокуратураси теракт юзасидан тергов бошлаган. Ҳодиса оқибатида беш киши ҳалок бўлган, 22 киши жароҳатланган.


Мақола муаллифи

Теглар

теракт Анқара

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг