Пхеньян дрон топилганидан кейин Сеулга уруш очиш билан таҳдид қилди 

Олам

image

Пхеньян ўз ҳудудида уриб туширилган Жанубий Корея учувчисиз учоғи топилганини даъво қилгандан сўнг, Шимолий Корея Сеулни “жиддий ҳарбий провокация”да айблади. КХДР Мудофаа вазирлиги вакили кейинги сафар мамлакат ҳудудини ҳарбий йўл билан бузиш “уруш эълон қилиш” сифатида баҳоланиши ва “зудлик билан жавоб зарбаси”га олиб келиши билан таҳдид қилди. Бу ҳақда бугун, 19 октябрь куни Корея марказий телеграф агентлиги хабар берди.

Шимолий Корея расмийларига кўра, 13 октябрь куни Пхеньянда ҳалокатга учраган Жанубий Корея ҳарбий учувчисиз учоғининг бўлаклари топилган. Махсус тузилган тергов гуруҳи Пхеньян марказига варақалар тарқатган айнан мана шу дрон бўлган, деб тахмин қилмоқда, аммо якуний хулоса ҳали чиқарилмаган.

Пхеньян маълумотларига кўра, октябрь ойида Жанубий Кореядан тарғибот варақалари кўтарган дронлар мамлакат пойтахтига уч марта яқинлашган. Жанубий Корея Мудофаа вазири Ким Ён Хён бу маълумотни "тасдиқлай олмаслигини" айтди.

Корея ярим оролидаги кескинлик охирги пайтларда сезиларли даражада ошди. 15 октябрь куни Шимолий Корея бир пайтлар Кореялараро ҳамкорлик рамзи ҳисобланган Жанубий Кореяга олиб борувчи йўлларни портлатиб юборди. Сеул маълумотларига кўра, Шимолий Корея 2024 йил бошидан буён чегарада танкга қарши янги тўсиқлар қуриб, миналар ўрнатмоқда.

Кейинроқ Пхеньян мамлакатнинг янги конституцияси Жанубий Кореяни расман “душман давлат” сифатида белгилашини тасдиқлади. Шундай қилиб, Шимолий Корея Жанубий Корея билан бирлашиш ғоясидан расман воз кечди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея Сеул Пхеньян

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг